Ўзбекистон | 11:30 / 20.03.2021
3526
2 дақиқада ўқилади

Алимент тўлашдан бош тортган куёв собиқ қайнотасининг қотилига айланди

Жорий йилнинг 14 март куни туманнинг Бордимкўл маҳалласида яшовчи шахс собиқ қайнотасининг қотилига айланиб, марҳум яшаган хонадонни ёқиб юборган.

Аниқланишича, муқаддам икки бор судланган, 27 ёшли фуқаро собиқ турмуш ўртоғи фарзанди учун алимент талаб қилганидан ғазабланиб, ярим тунда унинг уйига мингбулоқлик, муқаддам судланган 37 ёшли шериги билан бостириб борган. Уйда бўлган собиқ қайнотаси, 1972 йилда туғилган И. Қ. билан ўзаро жанжаллашиб, шериги билан унинг бош қисмига бир неча бор пичоқ билан уриб, қасддан ўлдирган.

Бу воқеага гувоҳ бўлиб қолган  собиқ қайнукасининг оёқ-қўлини боғлаб, дадасига тегишли Damas автомашинасига солиб олиб қочади ва уйни эса бензин билан ёқиб юборган.

Ёнғин натижасида жиноятчи куёвнинг юзи ва қўли куйиб жароҳатланган, уни шифокорга  кўрсатиш учун туман тиббиёт марказига бориб, шифокор олдига кириб кетганида собиқ қайнукаси қочиб кетган ва ҳолат бўйича ички ишлар идорасига хабар берган.
 
Ҳозирда жиноятчи ва унинг шериги қўлга олинган бўлиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Туман маданият марказида ушбу жиноятни таҳлил этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Унда иштирок этган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳодисанинг содир бўлиши сабабини маҳалла билан профилактика инспекторининг ҳамкорлиги етарли бўлмаганлигида, деб баҳолади.

«Бир ҳафта шу икки оила ўртасида жанжал бўлган, маҳалла бошиям, профилактика инспектори ҳам воқеадан бехабар. Бориб келиштириб қўймаган, жиноятнинг олдини олмаган. Бу муҳокамадан нима фойда энди, ўладиган ўлиб кетди. Наманганнинг «донғи» кетди яна Тошкентга», — деди ҳоким.

Мавзуга оид