Ўзбекистон | 20:49 / 20.03.2021
13220
7 дақиқада ўқилади

Онкология муаммолари – узлуксиз шикоятлар, эришилган натижа ва бугунги имкониятлар

Рак деган сўзнинг ўзиёқ кишини даҳшатга солади. Аммо тирик жон борки дардга чалинади, шифо излайди. Онкологик касалликлар тиббиётнинг энг мураккаб муаммоларидан бири ҳисобланади ва асрлар оша уларни енгиш учун тадқиқотлар ўтказилиб келинмоқда.

Ўзбекистонда ҳам ўсма касалликларини даволаш нафақат соғлиқни сақлаш тизимининг, балки бутун жамиятнинг доимий эътиборини талаб қиладиган соҳа эканлиги маълум. Бундай касалликларга чалинган беморлар, айниқса болалар ҳар бир шифокорга, ҳамма даволаш услубларига нажот сифатида қарашади.

Соҳа узлуксиз танқидларга учраши, беморлардан шикоятлар мунтазам тушиб туришига ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бунинг объектив сабаблари бор. Маълум бўлишича, 20-30 йил давомида тиббиётнинг ана шундай мураккаб соҳаси ўз ҳолига ташлаб қўйилган, қолдиқ принцип асосида молиялаштирилган, доимий етишмовчиликлар кузатилган ва кўплаб мутахассислар хорижга кетишга мажбур бўлганлар.

Хўш, бугунги кунда вазиятда ўнгланиш борми? Охирги йиллардаги қарорлар соҳага қандай янгилик ва беморларга қанақа енгилликлар олиб кирди? Асосийси – Ўзбекистон онкологиясининг бугуни ва келажаги қандай?

Мана шу саволларга жавоб олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига бордик ва вазиятни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Онкология шифохоналари дейилганда одатда киришданоқ навбатлар, кўримсиз хоналар, у ердаги тушкун беморлар ва иложсиз шифокорлар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Лекин бу сафар суратга олиш жараёнларида ҳаммаси яхши томонга ўзгара бошлаганига бевосита гувоҳ бўлдик.

Бинолар капитал таъмирланган, кириш ва чиқиш осонлашган, узоқ вақт навбатда туриш муаммоси имкон қадар бартараф этилиб, худди банклардагидек сингари электрон тартибга олинган, кутаётганларга қулай шароитлар яратилган.

Энг муҳими – кенг, ёруғ йўлаклар ва палаталарда зарур шароитлар яратилган. Беморларга дори-дармон, уларга мос егуликлар берилмоқда.

Республика Онкология марказида реконструкция жараёнлари давом этмоқда. Яқин йиллар ичида барча бинолар тўлиқ таъмирдан чиқарилиши режалаштирилган.

Бизга марказдаги янгиликларни таништиришда бош шифокор ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Дилноза Аъзамхўжаева ҳамроҳлик қилди.

– Марказимизда навбатлар доимий кузатилади, шу боис биринчи навбатда қабул бўлимида қулай шароитлар, электрон поликлиника ва навбатларни йўлга қўйдик. Айни пайтда биноларимиз реконструкцияси давом этмоқда. 2011 йилда ҳомийлар томонидан қуриб битказилган болалар бўлими 60 ўринли ва бу ўринларнинг ҳаммаси банд. Халқимиз савобталаб, жуда кўпчилик болалардан хабар олгани келади, – деди шифокор.

Марказнинг илк қаватларини эгаллаган диагностика бўлимларида ташриф буюрувчилар замонавий тиббий ускуналар ёрдамида кўриклардан ўтказиладилар. Шу ерда бир маълумот билан қизиқдик, маълумки, онкологик касалликларни аниқлашда эрта ташхис қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Биламизки, ривожланган давлатлар фуқаролари ҳеч қандай шикоятлари бўлмаса-да, тиббий кўриклардан мунтазам ўтиб турадилар.

Хўш, бизда-чи? Ҳамюртларимиз ҳам ҳали бирор жойлари оғримай туриб, ўз ихтиёрлари билан тиббий кўрикларга келадиларми? Афсуски, жавоб хурсанд қиладиган бўлмади.

Ташрифимиз жараёнида марказ директори, республика бош онкологи, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов билан ҳам суҳбатлашдик.

Мирзағолиб Тиллашайхов

– Мирзағолиб Неъматович, рак касаллиги кўпайяпти, деган ташвишли маълумотлар қанчалик асосли?

– Чиндан ҳам рак касалликларини аниқлаш сон жиҳатдан кўпайяпти. Аммо бунинг объектив сабаблари бор. Масалан, ўртача умр давомийлиги ошиб боряпти. 1980-йилларда 80 ёшга кириш жуда кам учрарди, ҳозир бу ёш оддий ҳол бўлиб қолди, 80-90 ёшларда ҳам ишлаб юрганлар мавжуд. Бундан ташқари, канцероген моддалар кўпаймоқда, экологик муаммолар бор. Биргина самолёт кўтарилаётганда ёки қўнаётганда 2 тонна атрофида авиакеросин ёқади, автомобиллар сони кундан-кунга ошяпти. Буларнинг ҳаммаси аҳоли яшовчи ҳудудларда канцероген моддалар тарқалишига сабаб бўлади. Албатта, бу сабаблар туфайли автомобиллардан ёки самолётлардан воз кечиб бўлмайди, лекин соғлом турмуш тарзини ҳам унутмаслик керак.

– Онкология шифохоналарига келувчилар шифокорлар қабулида, нур берувчи ускуналарда навбатлар кўплигидан шикоят қилишади.

– Ўзингиз кўрдингиз, навбатларни имкон қадар тартибга солдик. Нур терапияси бўйича бундан 5 йил аввалги ҳолатни айтай – бизда собиқ иттифоқ давридан қолган 5 донагина ускуна ишлаб турганди. Ўзи ҳар 300 минг аҳолига битта ускуна бўлиши керак, Ўзбекистонда 35 млнга яқин аҳоли бор, уларга шу бузилишга улгурмаган 5 дона нур берувчи аппарат ишлаб турганди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳали бош вазирлик пайтида бу муаммога эътибор қаратганди. Президент бўлиб сайланиши билан онкология муаммолари бўйича қатор қарорлар қабул қилди. Бизга 20 та нур берувчи ускуналар харид қилиб берилди. Улар пойтахтга ҳам, вилоятларга ҳам ўрнатилиб ишга туширилди ва туширилмоқда. Ҳозир нур бериш бўйича навбатлар йўқ.

– Беморларнинг яна бир эътирози мураккаб операциялар ўзимизда қилинмаслиги, албатта, хорижга чиқиш зарурлиги бўйича. Буни қандай изоҳлайсиз?

– Бу фикрларга қўшилмайман, аксинча, бизда жарроҳларнинг малакаси сўнгги 20-25 йилда жуда ошди. Бунинг сабаби аниқ – кимё терапияси етишмасди, бор-йўғи 12-15 фоиз атрофида эди, нур терапияси бўйича ускуналар ишдан чиққанди. Лекин беморларни қандайдир усулда даволаш керак. Деярли ягона чора операциялар қолди. Жарроҳларимиз мажбурликдан жуда кўп операциялар қилишди. Бундан 20 йил олдин жуда кўп ноёб операциялар қилинмасди, ўлим кўрсаткичлари юқори эди. Бугун ҳаммаси бошқача, ҳаттоки чет эллардан ҳам келиб ўтказилаётган операцияларимизга юқори баҳо беришади.

– Яна бир эътиборли жиҳат – дорилар таъминоти. Бу борадаги вазият қандай?

– Вазият охирги йилларда жуда яхшиланган. Юқорида айтганимдай кимё терапияси бўйича воситалар таъминоти 15 фоиздан ошмасди, ҳозир тўлиқ таъминланяпти. Тўғри, пандемия туфайли карантин пайтида узилишлар бўлди. Тендерлар вақтида ўтказилмади, заводларга буюртмалар кечикиб берилди. Лекин булар ҳам бартараф қилиняпти, май ойларига бориб ҳаммаси изига тушиб кетади.

Марказга ташрифимиз давомида чизиқли тезлаткич аппаратининг бузилгани учун беморлар кутиб қолаётганини ҳисобга олиб бу ускуна қачон ишга туширилиши билан қизиқдик. Марказ матбуот котиби Паризода Якубованинг маълум қилишича, чиндан ҳам айни пайтда бу ускуна ишламаяпти. Уни таъмирлаш учун зарур эҳтиёт қисмлар Буюк Британияга буюртма қилинган ва март ойи охиригача етиб келади. Инсталяция жараёнидан кейин яна беморларга хизмат кўрсата бошлайди.

 Аброр Зоҳидов,
тасвирчи Дониёр Якубов.

Мавзуга оид