Жамият | 11:24 / 29.03.2021
3538
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда «Nexia 2» сув қувурларини алмаштириш учун қазилган чуқурга тушиб кетди

«Nexia 2» машинаси Самарқанд шаҳридаги кўчалардан бирида сув қувурларини алмаштириш учун қазилган чуқурга тушиб кетган. Ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 28 март куни тунда Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака кўчасидан оқиб ўтувчи «Сиёбча» коллекторининг сув тошқини юзага келадиган ҳудудидаги қувурларни алмаштириш ишлари олиб борилаётган қисмида «Nexia 2» русумли машина чуқурга тушиб кетган.

Маълум бўлишича, таъмирлаш ишлари олиб борилаётган кўчада огоҳлантирувчи, тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилган. Бироқ ҳайдовчи бундай йўл белгиларига эътиборсизлик қилиб чуқурга тушиб кетган.

Таъкидланишича, ҳодиса ҳақида хабар олингандан сўнг Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими бошчилигида ташкил этилган тезкор хавфсизлик гуруҳи томонидан «Nexia 2» тез муддатда чуқурдан чиқариб олинган. Аниқланишича, мазкур машинада бўлган ҳайдовчи ҳамда йўловчи жиддий тан жароҳати олмаган. «Nexia 2»га бироз зарар етган.

P.S. Сўнгги бир йилда Самарқанд шаҳрининг аксарият кўчалари турли ишлар юзасидан ковланяпти. Бирида канализация қувурлари тортилаётган бўлса, яна бирида сув қувурлари янгиланяпти. Бу эса аксар кўчаларда тирбандликларни келтириб чиқармоқда. Шаҳар аҳолисининг эътирози аниқ – нега ишлар чўзиб юбориляпти, нега кўчалар навбати билан ковланмай, бир қанчаси бирданига қазиб ташланяпти?

Мавзуга оид