Жаҳон | 10:52 / 29.03.2021
32176
6 дақиқада ўқилади

Сувайш каналини тўсиб қўйган «Эвер Гивен» саёзликдан қўзғатилди. Амалиёт давом этмоқда

Душанба тонгида улкан «Эвер Гивен» контейнеровози қутқарув хизматларининг учинчи уринишидан кейин Сувайш каналидаги саёзликдан чиқариб олинди. Канал қачон очилиши ва кемалар қатнови тикланиши ҳозирча маълум эмас.

Контейнеровозни саёзликдан чиқариб олишгани ҳақида денгиз хизматларини тақдим этувчи Inchcape Shipping Services компанияси твиттерида хабар қилинган. Маълумотга кўра, кема маҳаллий вақт билан соат 4:30 атрофида саёзликдан силжитилган.

«Франс пресс» агентлиги контейнеровоз эгаси бўлган Evergreen компаниясига асосланиб, «Эвер Гивен» жойидан қўзғатилгани, аммо ҳали саёзликдан тўлиқ чиқарилмагани ҳақида хабар қилган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода кема аввал турган жойидан қўзғатилгани акс этган.

Денгиздаги ҳаракатларни кузатувчи Vesselfinder ва My Ship Tracking хизматлари сайтларида контейнеровоз каналнинг ғарбий қирғоғидан узоқлашганини кўриш мумкин.

«Блумберг» агентлиги вазиятни ёритишга алоқадор бўлган одамларга асосланган ҳолда Сувайш каналида тиқилиб қолган улкан контейнеровоз қисман озод этилгани ҳақида ёзган. Хабарда кемани тўлиқ озод қилиш ишлари давом этаётгани қайд этилган.

Агентлик буни дунёнинг энг муҳим транспорт томирларидан бири бўйлаб ҳаракат давом этиши йўлидаги катта қадам деб атаган. Сувайш канали бошқармаси ҳозирча кема саёзликдан чиқариб олингани ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ бермади.

Сўнгги кунларда сув сатҳи кўтарилиши вақтида кемани саёзликдан чиқариш учун ўтказилган икки уриниш муваффақият келтирмаганди.

Якшанба куни операцияга қўшимча буксир катерлари (шатакчи кемалар) ёрдам учун етиб келганди.

Агар бу уриниш ҳам муваффақиятсизликка учраганида, кемани юклардан бўшатиш режалаштирилганди - ундаги юк ҳажми 220 минг тоннани ташкил этади.

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий 28 март куни контейнер кемасини юклардан бўшатишга тайёргарлик кўришни бошлашни буюрганди.

Аммо BBC билан суҳбатлашган экспертларнинг айтишича, бундай амалиёт бир ҳафта вақт олиши мумкин эди. Бундай мураккаб амалиёт оқибатларини тахмин қилиш мушкул эди.

Шанба куни қутқарувчилар кемани қутқариш учун сув сатҳи кўтарилишидан фойдаланишга ҳаракат қилишганди. Шу билан бир вақтда қирғоққа тақалиб қолган кема бурни остида землесос қурилмалар минглаб тонна тупроқни қазиб чиқаришди. Хабар қилишларича, 27 минг тоннадан ортиқ тупроқ олинган.

Юқори оқим ва кучли шамоллар бу ишни қийинлаштирди.

Шанба куни кечқурун твиттерда шатакчи кемалар «Эвер Гивен»ни бир неча метр силжитишга эришилганини нишонлаш учун бир вақтда сигнал чалгани акс этган видео ҳам тарқалганди.

Бундай ишда катта тажрибага эга бўлган нидерландиялик қутқарувчилар агар катта куч билан ҳаракат қилинса, кема бўлиниб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

Reuters агентлиги компаниядаги манбасига асосланган ҳолда, кема остида йирик қоялар борлиги, бу ишни қийинлаштириши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатганди.

Сувайш канали - денгиз савдо йўлларининг энг гавжум қисмларидан бири бўлиб, «Эвер Гивен» қарийб бир ҳафтадан буён канални тўсиб қўйган, натижада унинг ортидан юзлаб кемалар туриб қолганди.

Ушбу каналга дунё юкларининг қарийб 12 фоизи тўғри келади, у Ўрта Ер денгизини Қизил денгиз билан боғлайди ҳамда Осиё ва Европа ўртасидаги энг қисқа денгиз қатновини таъминлайди.

Айрим кемалар маршрутни ўзгартиришга мажбур бўлиб, Европага етиб олиш учун Африкани айланиб ўтиш учун йўлга тушди.

Кемалар қатнови бўйича Lloyd’s List компанияси ҳисоб-китобларига кўра, Сувайш каналида саёзликка тиқилиб қолган «Эвер Гивен» контейнер ташувчи кемаси томонидан кемалар йўлининг тўсиб қўйилиши жаҳон савдосига соатига 400 миллион долларга тушаётган эди. Мисрнинг «Эвер Гивен» билан боғлиқ вазиятдан кўраётган талафоти кунига 14 миллион долларга баҳоланганди.

«Эвер Гивен» контейнеровози Сувайш каналида 23 мартдан бери турибди. Кема капитани сўзларига кўра, кучли шамол курсни ўзгартириб юборган.

Бу Миср сувларида бундай муаммога дуч келган энг йирик кемадир. Унинг ҳажми - 59 га 400 метр (бу тўртта футбол майдони узунлигига тенг). Шатакчи кемалар ва қутқарув катерлари кемани қирғоқ бўйлаб буришга муваффақ бўлишди, аммо бу ҳозирча навигацияни тиклаш учун етарли эмас.

Сувайш каналида бундай ҳолат сўнгги бор 2017 йилда рўй берганди, ўшанда техник носозлик туфайли японлар контейнеровози саёзликка ўтириб қолганди. Ўшанда мисрлик қутқарувчилар бир неча соатлик уринишлардан кейин бўғозда кемалар қатновини тиклашга муваффақ бўлишганди.

Мавзуга оид