Тошкент ва Зангиотадаги ишлаб чиқариш цехларида ёнғин рўй берди
Яккасарой тумани Қушбеги кўчасида пойабзал ишлаб чиқариш цехида ёнғин чиқди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Бугун, 2 апрел куни тахминан соат 14:34ларда Яккасарой тумани Қушбеги кўчасида жойлашган пойабзал ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди.
Ёнғин содир бўлган ҳудудга 5та ўт ўчириш ва қутқарув бригадаси жалб қилинди. Ёнғиндан тахминан 200 квадрат метр ҳудуд зарар кўрган.
Ёнғинни ўчириш учун 40 дақиқа атрофида вақт сарфланди.
Қутқарувчиларнинг ҳаракатлари туфайли корхонанинг қолган қисми сақлаб қолинди. Ҳодиса оқибати қурбонлар ва жабрланганлар аниқланмади», дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги дераза-эшик ишлаб чиқариш цехида ҳам чиққан ёнғин бартараф этилган. Ёнғинда 300 квадрат метр майдон зарарланган.
Бу ерда ҳам қурбонлар ва тан жароҳати олганлар бўлмаган.