Тошкент вилоятида йўл талашган ҳайдовчилар ўртасида муштлашув юз берди
2021 йилнинг 22 март куни соат 13:00ларда 24 ёшли Зоҳиджон Ғ. ўз бошқарувида бўлган “Matiz” русумли автомашинасида Тошкент вилояти Паркент тумани Қайилма ҳудудидан ўтувчи Паркент-Янгибозор чорраҳасида “Spark” русумли автомашинада ҳаракатланиб келаётган 26 ёшли Тоҳиржон Ғ.нинг йўлини тўсган ва автомашинадан тушиб, уни ҳеч бир сабабсиз уриб дўппослаган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, суд-тиббий экспертиза хулосасида Тоҳиржон Ғ. енгил турдаги тан жароҳатлари олгани кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Паркент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Зоҳиджон Ғ.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида, Зоҳиджон Ғ. Тоҳиржон Ғ. билан такси йўналишида йўл талашганликлари натижасида ушбу жиноят келиб чиққани аниқланган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда, дейилади маълумотда.