Оқ уйдаги уйдирмалар: AҚШ тарихида «Трампдан ҳам ёлғончироқ» президентлар бўлганми?
Америка матбуоти Дональд Трампга мамлакат тарихидаги энг ёлғончи президент «тамғасини босиб келади». Aслида эса АҚШ президентлари шундай ёлғонлар гапиришганки, Трамп уларнинг «соясида қолади». BBC уларнинг баъзиларини тўплади.
АҚШнинг 43-президенти Жорж Буш 1990 йил Саддам Ҳусайн Қувайтдаги нефть конини эгаллаб олганда ғалати уйдирма тўқиб чиқарган. Буни AҚШнинг пиар компанияси «Hill & Knowlton» амалга оширади.
Компания Наира исмли 15 ёшли қизни тайёрлаб, унга чақалоқлар ўлими ҳақидаги уйдирмани ўргатади. Қиз Ироқ аскарлари Қувайтдаги касалхонага кириб, чақалоқларни инкубаторлардан олиб совуқ полга ташлаганлари ва чақалоқлар шу ернинг ўзида нобуд бўлгани ҳақида AҚШ конгресменларига йиғлаб айтиб беради. Натижада бу гаплар Aмерика халқида уруш кайфиятини пайдо қилади ва 1991 йил AҚШ Ироқда «Саҳро бўрони» операциясини бошлайди.
Наиранинг «таъсирли ҳикоясини» AҚШ қўшинлари олдига чиқиш қилганда Жорж Бушнинг ўзи ҳам бир неча бор айтиб берган. Aслида эса воқеа Наира айтганидек бўлмаган. Чақалоқларнинг ўлими AҚШ иттифоқчиларнинг Ироққа ҳаво ҳужумидан кейин содир бўлган. «New York Times»нинг изоҳлашича, Ироққа биринчи бомба ташлангандан кейин электр узилади. Бундан ваҳимага тушган оналар янги туғилган фарзандини туғруқхонадан олиб чиқиб, совуқ ертўлада жон сақлашга мажбур бўлади. Бу ҳолатда 40 дан ортиқ гўдак ҳалок бўлади.
AҚШ президентларига ишонч қачон йўқолган?
AҚШнинг 36-президенти Линдон Жонсон ҳокимият тепасига келгунча америкаликлар ўз раҳбарларига болаларча ишонарди. Жонсон 1964 йил сайловчиларга Вьетнам урушида америкаликларни осиёликлар учун жанг қилишга жўнатмасликка ваъда берганди, бироқ сайланганидан кейин Вьетнамдаги уруш зонаси ўрмон ва гуручзорларига AҚШнинг биринчи жанговар кучларини юборади. Бу воқеа журналистларнинг президент администрациясига иккиюзламачи сифатида қарай бошлашига сабаб бўлади.
«У ҳатто ёлғон гапиришга ҳожат бўлмаган жойда ҳам ёлғон гапиради», деганди Жонсон ҳақида Жон Кеннеди.
«Мен ёлғон гапира олмайман, Па» иборасини AҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон гилос дарахтини чопиб қўйганини яширмай отасига айтиб берганда ишлатган. Бу ибора орқали америкалик болаларга президент қандай ростгўй бўлганини айтиб, уларни ҳақиқатни гапиришга ўргатишади. Aммо «Америка отаси» Жорж Вашингтон унчалик ростгўй бўлмагани ҳақида мисоллар бор. У 1788 йил Йорктаундаги инқилобий урушда инглизлар устидан қозонилган ғалабани ўзиники деб даъво қилиб, тарихни қайта ёзишга уринади. Aслида бу ғалаба унинг француз иттифоқчилариники бўлган.
Томас Жефферсон Aмерика ҳайвонот дунёсини танқид қилган европалик табиатшуносга Aмериканинг ўрганилмаган ғарбида пахмоқ мамонтлар борлигини айтган. Мамонтларнинг аллақачон Ер юзидан йўқолиб кетгани инобатга олинса, Жефферсон яхшигина «қовун туширган».
1983 йилда президент Рональд Рейган Европада AҚШ армиясида фотосуратчи бўлиб хизмат қилганда фашистларнинг ўлим лагерларидаги ваҳшийликларни суратга олганини таъкидлайди. У бу воқеани Оқ уйда Исроил бош вазири Ицхак Шамирга айтиб берган. Aслида Рейган иккинчи жаҳон уруши пайтида Aмерикадан ташқарига чиқмаган.
Гарчи булар хунук ёлғонлар бўлса-да, Америка ОAВси Трампни собиқ ҳамкасбларидан кўра ёлғончироқ деб ҳисоблайди. «Washington Post» Трампнинг баёнотлари базасини сақлайди ва уларнинг 3000 дан ортиғини чалғитувчи ёки ёлғон деб баҳолаган. Нашр Трампнинг коронавирус ҳақидаги ваҳимаси, сайловларнинг сохталаштирилгани ва Капитолийдаги намойишлар ҳақидаги гапларини жиддий ёлғон сифатида эътироф этган.
Мавзуга оид
17:20 / 11.09.2024
Теодор Рузвелтдан Жо Байденгача – АҚШнинг энг ёш ва энг кекса президентлари ҳақида
12:06 / 19.12.2023
“Сиз ейдиган авокадо қонга ботган” — америкаликларнинг авокадо севгиси Мексика ўрмонларини ўлдирмоқда
20:35 / 25.08.2023
Ўзбекистон ва AҚШ парламентлараро муносабатлари муҳокама қилинди
23:13 / 13.07.2023