Тошкент вилоятида 100га яқин таълим муассасаси карантинга олинди
Тошкент вилояти ҳудудида 891та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд бўлиб, жорий йил 26 апрел куни ҳолатига кўра, 72та умумтаълим мактабининг 100 нафар ўқувчи ва 42 нафар ўқитувчисида коронавирус инфекцияси аниқланган. 64та мактаб тўлиқ, 8та умумтаълим мактаби 11-синфлари онлайн таълимга ўтказилди.
Вилоятда мактабгача таълим ташкилотлари 514та бўлиб, 9та МТТда коронавирус инфекцияси аниқланган. 7та МТТ тўлиқ, 2та гуруҳ онлайн режимга ўтказилди.
Шунингдек, Бўстонлиқ туманидаги 1-, 2-сонли касб-ҳунар мактаблари, Чирчиқ шаҳридаги Чирчиқ тиббиёт техникуми, ЧДПИ академик лицейи, Чирчиқ давлат педагогика институти, Тошкент давлат Жисмоний тарбия университети, 7-сонли мусиқа ва санъат мактаби, Олмалиқ шаҳридаги «МиСИС», И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети филиалидаги 1та гуруҳ ҳозирги кунда иш фаолиятини онлайн режимида олиб бормоқда.
Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси берган маълумотга кўра, 26 апрел куни вилоятда 55 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган.