Ўзбекистон | 12:06 / 06.05.2021
10588
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда қарийб 300 туп каннабис етиштираётган шахс ушланди

Фото: Тергов департаменти

Жиззах вилояти Зарбдор туманида қарийб 300 туп каннабис етиштираётган шахс ушланган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 3 май куни Зарбдор тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилаётган «Қорадори—2021» тадбирида шу туманнинг Нуробод маҳалласида яшовчи 66 ёшли Н.Ҳайдар ўз ҳовлисидаги 32 м2 майдонда жами 291 туп каннабис ўсимлигини етиштираётгани аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.  

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Зарбдор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Н.Ҳайдарга нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси 2-қисми «а» банди (тақиқланган экинларни етиштириш, илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра, бу турдаги жиноятлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Мавзуга оид