Ўзбекистон | 12:11 / 21.05.2021
6222
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 378 миллион долларга камайди

Жорий йилнинг дастлабки 4 ойи давомида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 3,5 фоизга камайган. Хусусан, ушбу давр мобайнида экспорт ҳажми 19,1 фоизга қисқарган бўлса, импорт ҳажми 7 фоизга ўсган.

Фото: Dreamstime

2021 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 10,3 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 378,8 миллион долларга ёки 3,5 фоизга камайди.

ТСАда экспорт ҳажми 3,48 миллиард долларга (19,1 фоизга камайди) ва импорт ҳажми 6,84 миллиард долларга (7 фоизга кўпайди) етди. Ҳисобот даврида – 3, 35 миллиард доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган.

ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (20,5 фоиз), Россия (17,8 фоиз), Қозоғистон (11,8 фоиз), Туркия (9,3 фоиз), Корея (4,8 фоиз), Қирғизистон (2,4 фоиз) ва Афғонистон (2,3 фоиз) билан қайд этилган.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан олтита давлат, хусусан, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Канада ва Эрон билан фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 14та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Шунингдек, жорий йилнинг январь-апрель ойларида ТСАнинг 39,3 фоизи МДҲ давлатларига тўғри келиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,9 фоизга кўпайган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 3,38 миллиард долларни ташкил этган. Шундан экспорт ҳажми 1,04 миллиард доллар, импорт ҳажми эса 2,33 миллиард долларни ташкил этган.

Мавзуга оид