Ўзбекистон | 10:22 / 12.06.2021
10217
4 дақиқада ўқилади

Ер кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

“Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга ажратиш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура, Олий суд, Кадастр агентлиги, Қишлоқ хўжалиги ва Қурилиш вазирликлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.

Ҳужжатда айтилишича, ер муносабатларини тартибга солувчи қоидалар қонуности ҳужжатлари билан тарқоқ ҳолда тартибга солинмоқда. Бу ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

“Амалдаги қонунчиликда МЧЖ, АЖ, ХК каби ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ажратишнинг аниқ тартиби мавжуд эмас. Мазкур ҳолатлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳамда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадлари учун ер участкаларини ажратишнинг шаффоф механизмини жорий этиш ҳамда ер қонунчилиги устидан назоратни кучайтиришни, шунингдек ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олишнинг олдини олишни тақозо этмоқда”, дейилади лойиҳада.

Лойиҳа асосий тушунчалар акс эттирилган алоҳида модда билан тўлдирилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимлари (давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини ажратишдан ташқари), туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ер участкаларини ажратиш, бириктириб ёки бошқача йўл билан бериш бўйича қарорлар, фармойишлар ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш каби ваколатлари бекор қилинмоқда.

Ер ажратишдаги ҳуқуқ турлари 6тадан 3тага қисқартирилмоқда. Ерга нисбатан 3 турдаги мулкчилик шакли: мулк, ижара, доимий фойдаланиш ҳуқуқлари сақлаб қолинмоқда. Мерос қилинадиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари бекор қилинмоқда. Юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган доимий эгалик қилиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, шунингдек жисмоний шахсларнинг ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқлари чиқариб ташланмоқда.

Ер участкасини шартнома асосида ижарага бериш учун асос бўлувчи ҳолатлар ва ижарага бериш муддатлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси ўзбошимчалик билан эгалланган ва унда ноқонуний қурилган иморатлар архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларига мувофиқ келган тақдирда, ушбу ер участкасининг бозор қиймати икки карра оширилган миқдорда тўланган ҳолда, мазкур ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда расмийлаштириб берилиши мумкинлиги тўғрисидаги қоида киритилмоқда.

Қуйидаги ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тўғридан тўғри ажратишга рухсат берилмоқда:

ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда қишлоқ хўжалиги кластерларига ижарага беришда;

қиймати 10 миллион АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлган йирик инвестиция лойиҳасини таклиф этган жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан хорижий инвесторларга, қишлоқ хўжалиги йўналишида 500 минг АҚШ доллари эквивалентидаги, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик йўналишида эса 1 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағ аввалдан махсус ҳисоб рақамга жойлаштирилганда.

Ер участкаларини ажратиш ва улардан оқилона фойдаланиш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги механизми жорий этилмоқда.

Жумладан, бўш турган ер участкаларини ажратиш устидан давлат назоратини амалга ошириш Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, прокуратура органлари, адлия органлари ва ҳокимликлар томонидан амалга оширилади.

Шу билан бирга, фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилади.

Жамоатчилик назорати субъектлари янги аниқланган ҳолатлар бўйича хабар берганлик учун белгиланган тартибда рағбатлантириб борилиши тартиби жорий этилмоқда.

Мавзуга оид