Жаҳон | 21:06 / 13.06.2021
56226
8 дақиқада ўқилади

«Самолётни биз урдик» – MH17 ҳалокати бўйича янги аудиолар тақдим этилди

2014 йил 17 июль куни инсоният учун аянчли воқеа содир бўлганди. Malaysia Airlanes авиакомпаниясига тегишли Boeing MH17 самолёти Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётганда Донецк осмонида уриб туширилади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 298 йўловчининг барчаси ҳалок бўлади. Сиёсий ўйинлар сабаб 300га яқин одам ўлиб кетди, лекин бу терактни амалга оширганлар ҳамон топилгани йўқ, юзлаб оилаларни аза тутишга маҳкум қилиб тепкини босганлар 7 йилдан буён жазо олмаяпти.

Нидерландияда ўтган бу иш борасидаги навбатдаги суд мажлисида янги далиллар пайдо бўлди. Судда Россия назоратидаги Донецк ҳарбийларининг телефон суҳбатлари эшиттирилган. Улар «Бук» зенит-ракета комплекси орқали самолётнинг уриб туширилишини муҳокама қилишган.

Суд залида жараён бошланиши билан олдинроқ эълон қилиб бўлинган телефон суҳбати эшиттирилди. Бу суҳбат учоқ уриб туширилганидан ярим соат ўтиб ёзилган. Унда Донецк разведка бошқармаси махсус рота командири Леонид Харченко тан олинмаган Донецк республикаси разведка бошқармаси раҳбари Сергей Дубинскийга ҳисобот бергани акс этган.

Телефон суҳбатида Харченко экани айтилаётган одам шундай ҳисобот берган: «Биз [белгиланган] жойдамиз, битта «сушка»ни («Су-25» қирувчи самолёти назарда тутилган) уриб туширишди. Яшавор, яшавор, битта «сушка»ни уриб туширишди».

Нидерландияда ўтаётган узоқ муддатли судда Харченко ва Дубинскийлар айбланувчи сифатида қайд этилади. Прокуратура уларни самолётни уриб туширишда эмас, теракт содир этилган «Бук» зенит-ракета комплексини белгиланган жойга олиб келишда бош-қош бўлганликда айблайди. Телефон суҳбатлари таҳлилига кўра, Харченко юқоридаги телефон суҳбати вақтида Снежний туманида (Донецк ҳудудида), Дубинский эса Донецкнинг ўзида бўлган. Boeing уриб туширилган вақтда Харченко билан доим ёнма-ён бўлган одамнинг телефони эса терактдан бироз олдин Биринчи май тумани ҳудудидаги минора орқали алоқага чиққан. Суриштирувларга кўра самолётни уриб туширган ракета айнан ўша ҳудуддан учирилган.

Соат 17:42да шартли исми «Боцман» бўлган одам Дубинскийга телефон қилади ва улар ўртасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтади:

«Боцман»: Мана бу ерда самолёт уриб туширилди. Мен қути олдидаман (қора қути), керак бўлса сенга юборай, кейин ўзинг юборасан.

Дубинский: Биз кимнидир уриб туширдик.

«Боцман»: Нималар деяпсан?

Дубинский: Мен икки соатдан кейин шаҳарда бўламан, ҳозир Мариновкадаман. Биз самолёт уриб туширдик, «сушка»ни. Айнан Саур-Могила томонда. «Бук-М» олгандик-ку ахир, шунга.

Олдинроқ эълон қилинган аудиода ҳам овози Дубинскийга тегишли деб айтилаётган одам «Бук»ни қўлга киритгани ва уни Донецкга олиб келиш ҳақида кўп гапирган. Шунингдек, Донецк бош разведкачиси Харченконинг яна бир телефон суҳбати тарқалди. Унда Харченко бевосита Дубинскийнинг раҳбарлиги остида ишлаган Россия армиясида хизмат қилган собиқ ҳарбий разведкачи Олег Пулатов билан гаплашган.

Пулатов: Вақтинг бўлса, бу ерга шошил, қулаган учувчини олиб кетишди. Нима бўлганини аниқлаштириш керак. Ҳисоботда айтишича, бу учувчи ҳалиги... Сен асосийсини айтчи, бу бизнинг «Бук»миди?

Харченко: Ҳаммаси жойида, у бошқа жойга кетди.

Пулатов: Яхши. Ана у «сушка» Хитой йўловчи самолётини урди.

Харченко: Йўқ, йўқ, йўқ. Биз «сушка»га қараб ишладик.

Пулатов: Уни тушундим. Лекин «сушка» унгача хитойликни деярли уриб бўлганди. Айнан ўша вақтда биз «сушка»ни олиб кетдик. Энди бутун дунёда шовқин солинади.

Харченко: Тушундим.

Пулатов: У ерда ҳаммаси яхши. Ёнингга икки одам олиб, менинг олдимга учиб кел, кейин нима қилишни айтаман.

Харченко: Яхши.

Бу суҳбатда айтилаётган Хитой самолёти ҳақидаги маълумот нимага асослангани номаълум. Boeing MH17 уриб туширилганидан буён бу ҳолатни тергов қилаётган халқаро гуруҳнинг аниқлик киритишича, 2014 йил 17 июль куни Украина осмонида фақат Malaysia Airlanes'га қарашли йўловчи самолёти уриб туширилган. Бироқ Харченко ва Пулатов ўзаро суҳбатда Донецк назоратида бўлиб турган «Бук» ёрдамида олдинроқ йўловчи самолётини уриб туширган Украинанинг Су-25 қирувчи самолётини уриб туширишгани ҳақида гапиришган. Кейинчалик Дубинскийга тегишли экани айтилаётган овозли одам ушбу мазмундаги ҳисоботни ўша вақтдаги тан олинмаган Донецк халқ республикаси мудофаа вазири Игор Стрелковга етказади.

Дубинский: Снежнийдан кузатишди, бизникилар ҳам кузатишди. Хулоса шундай: «сушка» йўловчи самолётини урган, биз эса «Бук»да «сушка»ни урдик. Буни кўпчилик кўрган. Гюрза (Пулатовнинг лақаби) ҳозиргина ҳисобот берди.

Стрелков: Тушунарли.

Дубинский: [такрорлайман] «сушка» йўловчи самолётни, биз «Бук» билан «сушка»ни урдик.

Стрелков: Тушунарли.

Дубинский: Яхши янгиликми?

Стрелков: Билмадим, тўғриси, бунақа деб ўйламаяпман.

Халқаро тергов гуруҳи бу вариантни ҳам ўрганмоқда. Улар Донецк осмонида қулаган самолётга етказилган зарар қандай турдаги самолёт ракетаси билан етказилиши мумкинлигини таҳлил қилишган. Хулосага кўра, бундай зарар фақат Р-33, Р-37 ёки Р-40 типидаги ракеталар билан етказилиши мумкин. Бундай ракеталарни ўзида олиб учадиган ва улар билан зарба бера оладиган қирувчи самолёт эса фақат МиГ-31. Бундай қирувчи самолёт Украина армиясида мавжуд эмас. Шунингдек, Украина терговга 2014 йил 17 июль куни осмонга кўтарилган ҳарбий учувчилари рўйхатини тақдим этган. Уларнинг бирортаси Украина жануби-ғарбидаги конфликт ҳудудида учмаган.

Тан олинмаган Донецк халқ республикаси вакиллари эса ўзларига қўйилган айбларни рад этаётган бўлса-да, ўша гўёки уриб туширилган ҳарбий самолётнинг на қолдиқларини ва на қора қутисини тақдим этишган. Терговда ўша ҳудудда мавжуд бўлган фуқаролик радарларини ҳам текширишган ва уларда ҳам Boeing MH17 самолётининг атрофида ҳеч қандай Украина қирувчи самолёти кўринмаган.

2014 йил 17 июль куни соат 21:00лар атрофида бўлган суҳбат аудиоси ҳам тарқалди. Унда Стрелков, Дубинский, Пулатов ва Харченко қандайдир қутини туман чегарасига олиб боришни муҳокама қилган. Тергов хулосасига кўра, улар самолётни уриб туширган «Бук» зенит-ракета комплексини 17 июлдан 18 июлга ўтар кечаси Россия чегарасига олиб боришни муҳокама қилишган. Терговчилар телефон суҳбатлари биллинги, ракета комплекси транспортировкасида қатнашганларнинг гувоҳлиги ва олинган видеолардан шундай хулосага келдики, «Бук» Россия чегарасига Снежное-Дебальцево-Севений маршрути бўйлаб олиб борилган. 18 июль куни тонгда овози Дубинскийники экани айтилаётган одам Стрелковники экани айтилаётган одамга «машина аллақачон Россияда экани» ҳақида ҳисобот берган.

Суд тақдим этилган материаллар бўйича ўз хулосасини ҳужжатларни ўрганиш ишлари тугагач маълум қилади. 17-18 июль кунлари ёзиб олинган телефон суҳбатлари Украина хавфсизлик хизмати томонидан ёзиб олинган ва терговга тақдим этилган. Суҳбатларнинг асосий иштирокчилари бир неча марта бу овозлар ўзиники эканини тасдиқлаган. Дубинский баъзи гаплар сохталаштирилганини айтган бўлса, Пулатов телефони эшитилаётганини билган ҳолда душманни чалғитиш учун шундай гапларни айтганини таъкидлаган.

Нидерландия охирги тарқалган суҳбатлар мантиқан бир бирини рад этмаслиги, аксинча тўлдиришини маълум қилган. Улар айтаётган воқеа эса 2014 йил 16-18 июль кунлари гувоҳлар томонидан олинган фото, видеолар, телефон суҳбатлари биллинги ва кўплаб гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланган.

Мавзуга оид