Мутахассис вакцина олгандан кейин ҳам касалланиш ҳолатлари бўлишига изоҳ берди
Зангиотадаги шифохонада даволанаётган беморларнинг 11 нафари биринчи вакцинация босқичидан сўнг шифохонага мурожаат қилган. Шифохона раҳбари Анвар Ҳусанов вакцина дозаларини тўлиқ қабул қилишга улгурмаганлар вирусга чалинса-да, касаллик енгил ўтишини, пандемияни фақат вакцинация билангина тўхтатиш мумкинлигини таъкидлаган.
Бугун бутун дунёда коронавирус инфекциясини енгиш ва пандемияни тўхтатиш учун барча чора-тадбирлар ишга солинмоқда, шу билан биргаликда, касалликка қарши эмлаш у билан курашишнинг энг самарали усули экани тобора ойдинлашиб бормоқда.
COVID-19 инфекциясига қарши эмлаш пандемияни тўхтатишга қодирми? Аслида коронавирусга қарши вакцинация нима учун керак? Нега бугун эмлаш тадбирларига бу қадар жиддий эътибор берилмоқда? ССВ матбуот хизмати шу ва шу каби саволлар билан Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусановга мурожаат қилди.
Мутахассис дунё тажрибасига кўра, вакцинация жараёнлари касалликнинг олдини олишда қандай самара бераётгани ҳақидаги саволга жавоб берган.
«Маълумки, бугун COVID-19 инфекцияси одамларни қўрқув ва таҳликада ушлаб турган жиддий касалликлардан бирига айланди. Афсуски, ўтган бир йилдан ортиқ вақт давомида касаллик қанчадан қанча инсонлар ёстиғини қуритди.
Айтиш лозимки, шундай оғир ва мураккаб шароитда бу хасталикка қарши самарали курашиш учун бир неча вакциналар яратилиб, айрим мамлакатларда ушбу восита ёрдамида пандемияни жиловлашга эришилмоқда.
Мисол учун, ҳозирги пайтда Исроилда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари бўйича дунё мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткич қайд этилмоқда. Ушбу юрт аҳолисининг 53 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ 2 дозада эмланиши шифохоналарда COVID-19ни даволашга мўлжалланган бўлимларнинг бутунлай ёпилишига сабаб бўлди.
Ҳиндистонда эса аксинча эмлаш билан боғлиқ тадбирлар суст кетаётгани сабабли эпидемик вазият қалтис бўлиб турибди. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда ушбу мамлакатда кунига 50-100 мингдан ортиқ инсон коронавирусни юқтириб олмоқда. Шу билан бирга, бундай мураккаб вазият вируснинг янги мутациялари пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлаётир. Шундай бўлса-да, вакцина дунё аҳолиси ўртасида вируснинг барча мутацияга учраган турларига қарши тура олади», дейди у.
Мутахассис эмланишнинг ҳимояси касалликни бошдан ўтказиб иммунитет ҳосил қилишдан кўра яхшироқ эканини айтиб ўтган.
«Шуни айта оламанки, эмланишнинг ҳимояси касаллик ўтказгандан кейинги ҳимоядан яхшироқдир. Чунки эмлашда нейтралловчи антитаначалар миқдори касаллик ўтказгандан кейин шаклланадиган антитаначалар миқдоридан анча юқори бўлади. Шу билан бирга, вакцина олмаган инсонларда касалликнинг оғир кечиши ва ўлим ҳолати кузатилишидан ташқари, уларни касалликнинг асоратлари қийнайди, бундай инсонларда узоқ муддатли нафас олиш, юрак қон-томир тизими ҳамда бош миянинг шикастланиши давом этиши мумкин.
Маълумки, бугун халқимиз саломатлигини асраш, уларни бу касалликдан ҳимоя қилиш мақсадида юртдошларимиз бепул эмланмоқда. Бу ҳам бўлса, инсонпарварликнинг чинакам ифодасидир.
Бироқ яратиб берилган мана шундай имкониятдан фойдаланмаслик, нафақат ўзимиз, балки яқинларимиз саломатлигини ҳам жиддий хавф остига қўяди. Афсуски, эмланишга ана шундай беписанд муносабатда бўлган ва бугун шифохонамизнинг реанимация бўлимида ҳаво етишмаслиги ва нафас қисишидан қаттиқ азоб чекаётган беморларнинг ҳолатини кўриб, очиғи, юрагим эзилади. Ўрни келганда, ҳатто, уларга биз шифокорлар ҳам ёрдам бера олмаётганимиздан қийналаман. Зеро, пандемияни фақат вакцинация билангина тўхтата оламиз», дея унинг сўзларини келтирган ССВ матбуот хизмати.
Анвар Ҳусанов одамлар орасида тарқалган «коронавирусга қарши вакцина олса ҳам касалланиш мумкинлиги» ҳақидаги гап-сўзларга ҳам изоҳ берган.
«Шуни айтиш керак, ҳозирда олинаётан барча вакциналар коронавируснинг мавжуд штаммларидан ҳимоя қила олади. Энг асосийси, COVID-19га қарши эмланиш касалликнинг нохуш ва оғир асоратларидан асрайди. Тўғри, айрим ҳолларда вакцина олгандан кейин ҳам касалланиш мумкин, бироқ бу ҳолат асосан вакцинациянинг фақатгина биринчи босқичидан ўтган, яъни уни белгиланган тартибда тўлиқ олмаган инсонларда кузатилади.
Хусусан, айни пайтда шифохонамизда даволанаётган 11 нафар бемор айнан биринчи вакцинация босқичидан сўнг шифохонага мурожаат қилган бўлиб, уларнинг иммун тизимида нейтралловчи антитаначаларнинг (Nab) титри ҳали тўлиқ шаклланмаган даврда касалланиш юз берган. Бироқ шундай бўлган тақдирда ҳам бундай беморларда хасталик енгил ва симптомларсиз ўтади. Яъни, оғир асоратлар ва ўлим ҳолатига олиб келмайди.
Аслида эса коронавирусга қарши иммунитет вакцинанинг иккинчи ёки учинчи дозасидан сўнг 3 ҳафта давомида шаклланади. Шу даврда эмланган инсон ўзини шахсий муҳофаза қилиши ўта муҳимдир.
Шу маънода, коронавирус инфекцияси туфайли оғир аҳволга тушиб қолган беморларни даволаётган шифокор сифатида барча юртдошларимиздан вакцинация тадбирларига жиддий эътибор беришларини сўраган бўлардим», деган мутахассис.
ССВ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда сўнгги суткадаги эмлаш жараёнида коронавирусга қарши 100 минг дозадан ортиқ вакцина қўлланган. Улардан 66 827 дозаси биринчи босқичда, 17 034 дозаси иккинчи босқичда ҳамда 16 319 дозаси учинчи босқичда қўлланган.
Ҳозирги кунгача Ўзбекистонда коронавирусга қарши жами 3 280 736 доза вакцинадан фойдаланилган, уларнинг 1 145 294 дозаси иккинчи ва 202 467 дозаси учинчи босқичда қўлланган. Шунга кўра, мамлакатда жами эмланганлар сони 1 932 975 кишини ташкил этмоқда.
Мавзуга оид
07:24 / 16.02.2022
ЮНИСЕФ Ўзбекистонга вакцина омборлари учун 500 минг долларлик ускуналар тақдим этди
10:58 / 03.02.2022
Ўзбекистон Россия вакциналарини импорт қилиш бўйича топ-5 давлат қаторига кирди
16:41 / 31.01.2022
Ўзбекистонлик биолог: Илк вакцина мусулмон олими томонидан яратилган
13:50 / 19.01.2022