Ўзбекистон | 15:06 / 29.06.2021
3624
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда масжид бузилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда «Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Қизириқ тумани марказида жойлашган масжидни нега буздирмоқчи?» деган хабар тарқалди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, Тўра Боболов 2021 йилнинг 26 июнь куни Қизириқ туманининг Рабатак маҳалласида бўлганида фаоллар томонидан марказий «Чилгаз ота» жоме масжиди намозхонлар учун торлик қилаётгани айтилиб, унинг ўрнида замонавий қулайликларга эга, сиғими 3 минг кишилик янги масжид қуриш таклифи билдирилган. Вилоят ҳокими масжиддаги шарт-шароитлар билан танишгач, фаолларнинг таклифини қўллаб-қувватлаган.

Аммо масжид жойлашган ҳудудда уни кенгайтиришнинг имкони йўқлиги инобатга олиниб, замонавий қулайликларга эга янги марказий масжидни бунёд этиш учун бошқа жойдан ер ажратиш, «Чилгаз ота» жоме масжидини маҳалла намозхонлари учун қолдириш ҳақида мутасаддиларга кўрсатма берилган. «Чилгаз ота» жоме масжидини буздириш тўғрисида эса гап-сўз бўлмаган.

«Юртдошларимиздан аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига, уларда салбий фикр ва ишончсизликни шакллантиришга олиб келадиган ушбу мазмундаги ёлғон хабарларга ишонмасликни сўраймиз», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид