Жамият | 12:49 / 01.07.2021
11994
2 дақиқада ўқилади

Болаларда «дельта» штаммига чалиниш ҳолатлари беш бараварга ошгани маълум қилинди

Болалар коронавируснинг «дельта» штамми билан беш баробар кўпроқ касалланмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон тиббиёт академияси президенти, профессор-иммунолог Aлмаз Шарман маълум қилди.

Профессор вакцина олмаганлар пандемиянинг энг хавфли босқичига кираётганликларини англашлари лозимлигини таъкидлаган ва коронавируснинг дельта-варианти ҳақида ўз хавотирларини билдирган.

Жумладан:

  • барча аввалгиларига қараганда 60 фоизга кўпроқ юқумли;
  • ўлим хавфини сезиларли даражада оширади;
  • болалар 5 баробар кўпроқ касалланмоқда;
  • дельта-вариантини юқтиришга энг кўп мойил бўлганлар вакцина олмаганлардир.

Дастлаб Ҳиндистонда аниқланган бу штамм айни вақтга келиб дунёнинг 80дан ортиқ давлатида аниқланган. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти бу штамм бутун дунёни эгаллаётганидан хавотир билдирмоқда ва 24 июнь куни Ўзбекистонда ҳам бу штамм аниқлангани маълум бўлди.

Бу штамм болаларда кўп учраётгани билан хавф туғдирмоқда

«Дельта» штамм юқумлилиги юқори ва вакциналарга чидамлироқ ҳисобланади. Ҳиндистонда коронавирусдан соғайган болалар орасида мультитизим яллиғланиш синдроми билан касалланиш кўпайгани айтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳам бу хавфдан холи эмас. ССВ болалар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайгани ҳақида маълумот бериб, Зангиотадаги махсус касалхонада 200 нафарга яқин болалар коронавирусдан даволанаётганини маълум қилди. Аммо бу болалар коронавируснинг қайси штамми билан зарарлангани ҳақида маълумот берилмаган. Маълумки, бугунги кунда вакцинация жараёнлари фақат 18 ёшдан ошганлар орасида фаол олиб борилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳомиладорлар ва болалар учун вакцина яратиш устида иш олиб борилаётгани ва баъзи вакциналар клиник синовлардан ўтказилаётгани айтилган эди. Шу кунга қадар болалар учун татбиқ этилган бирорта вакцина ҳақида маълумот мавжуд эмас.

Мавзуга оид