Ўзбекистон | 07:46 / 03.07.2021
7842
3 дақиқада ўқилади

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бошқарув тузилмаси ўзгартирилди

Вазирлар Маҳкамаси “Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизими тубдан такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжат президентнинг "Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПФ-5643-сон фармони ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПҚ-4135-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришлар билан белгиланишича:

  • вазир Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар биринчи ўринбосар ва олти нафар ўринбосарга эга (илгари - уч нафар биринчи ўринбосар ва уч нафар ўринбосар);

Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ва унинг ташкилий тузилмасига кирадиган идоравий мансуб ташкилотлар ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда узоқ йиллик хизмати учун ойлик устама ҳақ тўланади (лавозим маоши коэффициентларида):

  • 1 йилдан 3 йилгача - 0,3;
  • 3 йилдан 5 йилгача - 0,6;
  • 5 йилдан 10 йилгача - 0,8;
  • 10 йилдан 15 йилгача - 1,0;
  • 15 йилдан 20 йилгача - 1,2;
  • 20 йилдан ортиқ - 1,5;

Шунингдек, Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси негизида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилиши муносабати билан қуйидаги ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилди:

  • Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари ва Ўзбекистон Республикасидан кетишлари тартиби;
  • Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси тўғрисидаги низом;
  • Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Вазирлар Маҳкамасининг "Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 19 майдаги 129-сон қарори;
  • Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари;
  • "Бир дарча" тамойили бўйича экспортга етказиб беришлар билан боғлиқ тартиботларни амалга ошириш механизми тўғрисидаги вақтинчалик низом;
  • Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимига кирувчи телерадиоканаллар эфирини юқори сифатли теле-радио маҳсулотлари билан тўлдириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 23 августдаги 272-сон қарори;
  • Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхати.

Мавзуга оид