Ўзбекистон | 07:59 / 13.07.2021
38882
8 дақиқада ўқилади

“Қанотли” сўзлари билан машҳурликка эришган мансабдорлар

Русларда “крилатая фраза” деган тушунча бор. Одатда ноодатий, қизиқарли жумлаларга нисбатан қўлланилади ва уларнинг муаллифлари айнан шу гаплари билан халқ орасида машҳур бўлиб кетишади. ОАВда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам бундай инсонларнинг ўрни беқиёс – нафақат уларнинг ўзлари, балки гаплари ҳам роса муҳокама қилинади.

“Биз кўп гўшт еяпмиз” — Альберто Гарсон, Испания

Қаранг, биздан ҳам кўчиришаркан. Кимданлигини дарҳол англадингиз. Испания истеъмол вазири Альберто Гарсон аҳолига гўштдан воз кечишни таклиф қилган.

“Биз кўп гўшт еяпмиз. Гўштни кўп ейиш нафақат соғлиққа, балки атроф-муҳитга ҳам зарарлидир”,деган у. Бу жумлаларни ўқиб, нимадир ёдингизга тушган бўлса ажаб эмас. Келинг, ҳаммасини тартиб билан бошлаймиз ва бу мавзуга яна тўхталамиз.

Сўз эркинлиги туфайли, интернетнинг қулоч ёзиши ортидан Ўзбекистонда ҳам бундай мансабдорлар сафи кенгайиб бормоқда. Қуйида ана шундай раҳбарлар ҳақида сўз юритамиз.

Актам Ҳайитов, ЎзЛиДеП лидери — “Биз кўп гўшт еяпмиз”

Актам Ҳайитов

“Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти деб ўйлайсизлар? Тўғри, озуқа етишмаслиги биринчи сабаб, иккинчидан, бугун биз жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти...”деган эди журналистлар билан учрашув вақтида яна бир сиёсий партия етакчиси Актам Ҳайитов.

У Kun.uz'га берган интервьюсида: “Бу гапимиз роса муҳокама қилинганини кузатдик, албатта. Лекин бошқача талқин қилинганини ҳам айтишим лозим. Гап гўшт йилдан-йилга кўпроқ истеъмол қилинаётгани тўғрисида борганди...” дея изоҳ берганди. Лекин Актам Ҳайитов бу сўзларни Альберто Гарсондан анча олдин айтган ва бемалол муаллифлик ҳуқуқи бўйича тортишиши мумкин.

Улуғбек Иноятов, ХДП лидери — “2,5 млн сўм 5 кишилик оилани 1 ой боқишга етади”

Улуғбек Иноятов

“Беш нафар фарзанди бор ва битта ойлик маоши билан яшаётган бўлса, 2,5 миллион ойлик олса, бемалол [етади] уйидаги беш нафар фарзанди билан... Буни иқтисодчилар ҳисоблаб чиққан”, – бу Улуғбек Иноятовнинг сўзлари.

Собиқ халқ таълими вазири кейинчалик бу сўзлари билан фақат озиқ-овқат харидини назарда тутаётганини билдирган.

Эркинжон Турдимов, Самарқанд вилояти ҳокими — “Оқсоч аёлларга талаб ортиб бормоқда, хотин-қизларни шу касбга ўргатишимиз керак”

Эркинжон Турдимов

“Бугунги кунда хорижда ҳам, ўзимизда ҳам уй ишларини қилувчи оқсочлик касбига талаб ортиб бормоқда. Самарқанд вилоятидан ҳам жуда кўпчилик аёллар чет давлатларда, хусусан Туркияда уй ишларини бажаришади. Аммо бундай аёлларни тайёрлайдиган марказлар йўқ. Ана шундай марказларни очишни таклиф қиламан...” – бу Самарқанд вилояти ҳокимининг давлат раҳбари иштирокидаги селекторда айтган гаплари.

Кейинчалик Эркинжон Турдимов ўз сўзларига “Бу соҳада тартиб ўрнатиш, уй хизматчиларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш миллатимизнинг шаънини туширмайди, аксинча юксалтиради. Уларни ўқитадиган марказларни очишнинг ёмон томони йўқ”, – дея изоҳ берган.

Шуҳрат Ғаниев, Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими, айни пайтда бош вазир ўринбосари — сўкилган тошлоқликлар, рўмол ва салла мавзуси, блогерга ўқиладиган жаноза

Шуҳрат Ғаниев

Ҳамиша диққат марказида юриш бўйича ўзига хос лидер, қаттиққўл, лекин оғзи тизгинсиз раҳбар. Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилоятига ҳокимлигида ижтимоий тармоқларнинг доимий қаҳрамони эди.

Тошлоқликларни ёппасига ҳақоратлаган, пойтахтдан борган амалдорларнинг ичак-чавоқларини бошларига салла қилиб қўйиш билан таҳдид қилган, Риштонда минглаб одамларни ҳашарга мажбурлаган ва энг таъсирлиси – рўмол ўраганларга чора кўришини айтган Шуҳрат Ғаниев ўзини Фарғонанинг яккаҳокими деб биларди.

Аммо кўтарилиб, бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланганидан кейин анча босилиб қолди, чамаси.

Эрали Бозоров, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари — пул тўламай тонировка қилганлар ҳақида

Эрали Бозоров / Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

“Биз билмаймиз-ку, ойнасини рухсатнома олмасдан қорайтириб олган ҳайдовчи қаерда нима иш қилиб юрибди. Кўпчиликнинг мақсади бошқа бўлиши мумкин”, – бу Йўл ҳаракати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эрали Бозоровнинг сўзлари.

Эрали Бозоров тизим мақсади ойналарни қонунга хилоф равишда қорайтиришнинг олдини олиш эканини билдирган. Лекин бепул тонировка қилиб юрганлар потенциал жиноятчилар бўлишлари мумкинлигини писанда қилган ИИВ вакили пул тўлаб тонировка қилдирганлар қандай қилиб эзгу мақсадларга эргаша бошлашларини тушунтирмаган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев, пойтахт ҳокими — “Любая бизнес хороша”

Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Ўзи ҳам асли бизнес вакили бўлган Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев интервьюсида айтган “Любая бизнес хороша” жумласи жуда кенг тарқалиб кетди. Одамлар пул топиш йўлидаги ҳаракатларини шу сўзлар билан ифодалай бошлашди.

Қизиғи, ҳокимнинг бу сўзларидан илҳомланган шоввозлар расман “LYUBAYA BIZNES XOROSHA” номли масъулияти чекланган жамиятни давлат рўйхатидан ўтказди. Аммо орадан кўп ўтмай бу фирма мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳамма бизнеслар ҳам яхши бўлавермаслигини кўрсатиб қўйди.

Обид Ҳакимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори — “Бир кунда 5600 сўм ишлаб топган одам камбағал эмас”

Обид Ҳакимов

Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг Kun.uz'га берган интервьюсидаги “халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобларига асослансак, Ўзбекистонда 5600 сўм маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас” деган жумласи тарқалиш жиҳатдан юқоридагиларнинг ҳаммасини ортда қолдирди, десак муболаға бўлмас.

Кейинчалик иқтисодчи бундай дейиши сабаби ҳақида қўшимча изоҳлар, интервьюлар берди, ҳатто алоҳида матбуот анжумани ҳам ўтказди. Аммо барибир ўша “5600 пули бор одам камбағал эмас” деган жумла ҳануз қанот қоқиб юради.

Бунинг ижобий жиҳати – одамлар Ўзбекистонда мана шундай институт фаолият юритиши ва унинг шундай раҳбари борлигини билиб олдилар.

Бундай машҳур жумлалар муаллифларини ўз ишига нолойиқ раҳбар деб бўлмайди. Шунчаки, улар ўз сўзлари қандай акс-садо беришини, бу қадар “машҳурлик” қозонишини олдиндан билмаганлар.

Шу ўринда, жаҳон сиёсатчилари орасида ҳам қанотли жумлалар муаллифлари кўплигини таъкидлаш лозим.

Россия собиқ президенти ва собиқ ҳукумат раиси Дмитрий Медведев пенсионерларга қарата: “Пул йўқ, сизлар эса бардам бўлинглар”, дегани шов-шувга айланиб кетган эди.

Исроилнинг собиқ бош вазири Голда Мейр: “Бизда атом бомбаси йўқ, лекин зарур бўлса, биз атом бомбамиздан фойдаланамиз”, дегани ҳам “қанотли жумла”га айланиб кетган.

Қирғиз ёзувчилар уюшмаси раиси, жамоат арбоби Абдураҳмон Алимбаев тўғридан тўғри эфирда шундай деганди: “Қирғиз қизлари бошқа миллатларга эрга тегишяпти, қирғиз йигитлари эса бошқа миллат қизларига уйланишяпти. Бу худди урғочи шернинг шоқолга эрга тегишига ёки нар шернинг урғочи шоқолга уйланишига ўхшайди”.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид