Жамият | 12:44 / 15.07.2021
6082
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пенсия олувчи аёллар сони эркаклардан кўп — Пенсия жамғармаси

Республикада пенсия ва нафақа олувчиларнинг қарийб 56,7 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келади.

2021 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 млн 941 минг 500 нафарни ташкил этди.

Пенсия жамғармасининг Kun.uz’га маълум қилишича, шундан:

  • 2 млн 927 минг 800 нафари (74,3 фоиз) ёшга доир пенсия;
  • 395 минг 300 нафари (10 фоиз) ногиронлик пенсияси;
  • 193 минг нафари (4,9 фоиз) боқувчисини йўқотган пенсия олувчи оилалар;
  • 425 минг 400 нафарини (10,8 фоиз) нафақа олувчилар ташкил қилади.

Қайд этилишича, пенсия ва нафақа олувчи аёллар сони эркакларга нисбатан юқори. Хусусан, 2 млн 236 минг 200 нафар пенсия олувчилар (56,7 фоиз) аёллар бўлиб, уларнинг сони 1 январь ҳолатига нисбатан 116,3 минг нафарга (3 фоиз) кўпайди.

«Умумий ҳисобда 1 январга ҳолатига қараганда ёшга доир пенсия олувчилар сони 78,8 минг кишига, ногиронлик пенсияси олувчилар сони 8,7 минг нафар кишига, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи оилалар сони 3,9 минг нафарга ва нафақа олувчилар сони 24,9 минг кишига ортди», дейилади манба маълумотида.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида 190,8 минг нафар (101,1 минг нафари аёллар) фуқароларга янги пенсия ва нафақалар тайинланди.

Бу кўрсаткич 2020 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 27,7 минг нафар (17 фоиз) фуқароларга пенсия ва нафақа кўп дегани.

Аввалроқ, 2021 йил 1 апрель ҳолатига республикада пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 млн 877 минг 200 нафарга етгани ва улар сони 1 январь ҳисобига нисбатан 52 минг кишига кўпайгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид