Самарқандда 26 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига уй берилди
Самарқанд вилоятида 26 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳокимлик маблағлари ва ҳомийлар ёрдами ҳисобидан уй берилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда
Маълум қилинишича, жорий йил 26 июль куни Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларида меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларнинг 26 нафарига янги уй-жойлар жиҳозланган ҳолда топширилган. Жумладан, меҳрибонлик уйларида тарбияланган 10 нафар йигит-қизга Жомбой туманидаги кўп қаватли уйдан квартиралар берилган. Уйларни топшириш маросимида вилоят ҳокими Э.Турдимов ҳам қатнашган.
Қайд этилишича, жорий йилда Самарқанд вилоятида 59 нафар чин етимларни уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилган. Аммо ўрганиш жараёнларида вилоятда бундай ёшлар 84 нафар экани маълум бўлган. 26 июль куни уларнинг 26 нафарига вилоят ҳокимлиги ва саховатпеша тадбиркорлар томонидан 6 миллиард сўм маблағ сарфланиб, янги уйлар топширилган. Таъкидланишича, жорий йил 1 октябргача қолган 58 нафар чин етим бўлган йигит-қизларга ҳам уй берилади.
Маълумотларга кўра, 2020 йилда Самарқанд вилоятида меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларнинг 20 нафарига янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан хонадонлар ажратилган ва жами 2 миллиард сўм бошланғич тўлови тўлаб берилган. Шунингдек, яна 12 нафар йигит-қизлар ҳокимлик томонидан 1 ва 2 хонали уйлар билан таъминланган. Бундан ташқари, меҳрибонлик уйида тарбияланган, аммо ўз уй-жойига эга бўлган ёшларнинг хонадонлари ҳокимлик ва ҳомийлар кўмагида таъмирлаб берилмоқда.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024