Имтиҳонлар бошланишига бир кун қолди. Абитуриентларга тавсиялар
5 августдан давлат ОТМларига кириш учун тест синовлари бошланади.
Имтиҳондан олдин ёшларда ҳаяжонлар ва қўрқув бўлиши табиий. Kun.uz синов қаршисида стрессга тушаётган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига мутахассис тавсияларини тақдим этади.
Сир эмаски, баъзи ҳолатларда ўта кучли ҳаяжонланиш абитуриентда билган саволларига ҳам жавоб бера олмаслик, техник хатоларга йўл қўйиш каби ҳолатларни бошлаб келади. Кучли стресс, қўлларнинг қалтираши кабилар имтиҳонда бор имкониятларидан фойдалана олмасликка, фикрлар чалғишига олиб келади. Бу эса имтиҳон натижаларига таъсир қилмай қолмайди.
Психолог: “Имтиҳондан 1-2 кун аввал ўқишни тўхтатган маъқул”
Психолог Розалия Габдулҳакова абитуриентлар йўл қўядиган катта хатолардан бири – тайёргарликнинг сўнгги кунларида, яъни имтиҳондан олдинги кунларда муккасидан кетиб ўқиш эканини айтди.
“Имтиҳонга яқин қолганда кўп ўқиш деярли ҳеч нарсани ўзгартирмайди, аксинча чарчаган ва зўриққан мия имтиҳонда панд бериши мумкин. Шунинг учун имтиҳондан 1-2 кун аввал ўқишни тўхтатган маъқул.
Бир кун аввал тўйиб ухлаш керак. Бунинг учун телефондан воз кечиб, қоронғироқ ва сокин хонада дам олиш керак. Шунингдек, етарлича дам олиш учун ўй-хаёлларни ҳам тўғри йўналтириш талаб қилинади. Келажак орзулар, яхши режалар ҳақида ўйлаш фойдали бўлади.
Имтиҳон куни қилинадиган ишларни, албатта, режалаштириш керак, чунки қайси транспортда бориш, вақт тақсимоти сабаб ҳам келиб чиқиши мумкин бўлган айрим муаммолар боланинг кайфиятига таъсир қилади. Шунақа муаммолар учрамаслиги учун қайси вақтда уйғониш, нонуштага қанча вақт, йўлга қанча вақт кетишини ҳисоблаб ҳаракат қилиш абитуриентни хотиржам қилади.
Имтиҳонга борганда ўша муҳитга кўникиш учун бироз вақт керак. Шунинг учун имкон қадар эртароқ боришга ҳаракат қилиш лозим. Жойга ўрганиб, мослашиш ҳаяжонни босиш, хотиржам бўлишда ёрдам беради. Тест вақтида бошқаларга эътибор бермаслик, нафас олишни бир текис йўлга қўйиш хотиржам бўлиб, керакли маълумотларни ишга солишга ёрдам беради.
Тестдан олдин ҳам хаёлга келган турли кераксиз ўйлар, фикрларни чеклаб фақат яхши нарсалар, ёрқин келажак ҳақида ўйлаш керак. Шундай муҳим жараён олдидан абитуриент атрофидаги ҳар бир ҳолат ҳисобга олиниши яхши натижа беради”.
Гастроэнтеролог: “Имтиҳон олдидан энергетик ичимликлар тавсия қилинмайди”
Абитуриент ўз ҳолатини назорат қилиши, хотиржам бўлиши унинг ўзига боғлиқ. Аммо ташқи таъсирлар оқибатида етадиган айрим нохуш ҳолатлар ҳам ҳисобга олиниши керак. Масалан, безовта қиладиган даражада овқатланмаслиги, чанқаб қолмаслиги, қорни оғримаслиги учун унинг овқатланишига алоҳида эътибор қаратиш керак. Бу ҳолатлар унда ноқулай вазиятларни келтириши ёки фикри чалғишига сабаб бўлади.
Овқатни тўғри танлаш тунда яхши ухлашга ёрдам беради, ташвишланишни камайтиради ва диққатни жамлаш учун муҳим омил ҳисобланади. Хўш, имтиҳон олдидан қайси маҳсулотларни истеъмол қилиш керак?
Тошкент тиббиёт академияси Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси кафедраси профессори Гули Шайхова абитуриентларнинг овқат рациони ҳақида маълумот берди.
“Имтиҳонлардан 1-2 кун олдин, айниқса, имтиҳон куни ҳар қандай нотаниш маҳсулотлардан воз кечиш, табиий маҳсулотлардан иборат соғлом овқатланиш керак. Чунки нотаниш маҳсулотлар организмда қандай ҳазм бўлиши маълум эмас.
Организм учун асосий энергия манбаи глюкоза бўлиб, танамиз уни углеводларга бой овқатлардан олади. Углеводлар эса нон ва ун маҳсулотларида, дон маҳсулотларида, кўплаб мева ва резаворлар шарбатида кўп бўлади. Мия етарли даражада ишлаши учун уни доимо глюкоза билан озиқлантириш керак.
Таркибида шакар ва туз кўп бўлган овқатлардан тийилиш лозим. Имтиҳон олдидан энергетик ичимликлар, шакар, шоколад, печенье ва бошқа ширинликлар мутлақо тавсия этилмайди. Улар аввалига тетиклантириши мумкин, лекин бироз вақт ўтиб уйқу чақириши, бола ўзини чарчаган ҳис қилиши мумкин. Айниқса, энергетик ичимликлар таркибидаги кофеин уйқусизликни келтириб чиқаради ва эртаси куни болада асабийликка сабаб бўлади.
Бундан ташқари, чипслар ва турли крекерларни истеъмол қилишдан воз кечиш керак. Улар таркибидаги ёғ боладаги ҳаяжон ёки стресс сабаб ошқозонда ҳазм бўлиши қийинлашиб нохуш ҳолатга олиб келиши, кўнгилни айнитиши мумкин.
Тана жуда кўп суюқликка муҳтож. Тадқиқотчиларнинг фикрича, кўпроқ сув ичган абитуриентлар диққатни жамлаши ва маълумотларни таҳлил қилиши осон бўлади.
Абитуриентнинг нонуштаси у аввалдан истеъмол қилиб юрган, синалган маҳсулотлар бўлиши мақсадга мувофиқ. Нонушта учун турли бўтқалар, тухум, сутли коктейллар, иссиқ гўштли таомлар, сабзавотли ва мевали салатлар, сариёғли ва пишлоқли бутербродлар, иссиқ чой, какао ва шарбатлар, наъматак, компот ва кисел тавсия этилади”.
Дарҳақиқат, тест синовлари – абитуриентлар учун жуда муҳим жараён. Бу соатларни қўлдан бой бериш имкониятларни йўқотиш, вақтдан ютқазиш дегани. Фарзанди келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир ота-онадан бу пайтда болага эътиборни кучайтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишончни ошириш учун бироз диққат талаб қилинади.
Бундан ташқари, ота-оналар фарзандига ишониши ҳам муҳим. Болангиз сизнинг ишончингиз ва хотиржамлигингиздан куч олади.
Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Мавзуга оид
13:05 / 16.03.2023
Болаларни педофил тажовузидан қандай асраш мумкин? Психологлар билан интервю
16:14 / 09.11.2021
Асоссиз рашк. Ундан қандай қутулиш мумкин?
10:55 / 16.10.2021
ДХХ академияси бакалавриатига қабул бошланди
21:17 / 13.10.2021