Жамият | 17:46 / 05.08.2021
6357
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Health Buddy+ чат боти ишга туширилди

Коронавирус ҳамда вакциналарга доир энг янги маълумотларни биринчи қўлдан билиш имкониятини берувчи Health Buddy+ боти Ўзбекистонда ҳам иш бошлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги UNICEF ва ЖССТ билан ҳамкорликда COVID-19 бўйича тасдиқланган маълумотлар билан ўз вақтида танишиш имконини берувчи Health Buddy+ чат ботини Ўзбекистонда ишга туширди.

«Нотўғри маълумотларни тарқатиш – бу COVID-19’га қарши курашдаги энг катта муаммолардан бири. Аниқ ва тасдиқланган маълумотларга эга бўлиш имконини берадиган ушбу восита ундан фойдаланувчиларга COVID-19 ҳақида хабардор бўлишга ҳамда вирус ва COVID-19 вакциналари ҳақидаги миш-мишларга ишонмасликларига ёрдам беради деб умид қиламиз», – деган Ўзбекистон Республикаси Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ҳамда UNICEF ваколатхонаси томонидан ишлаб чиқилган Health Buddy+ минтақадаги мамлакатларга COVID-19 тўғрисидаги далилларга асосланган ахборот билан танишиш ҳамда миш-мишлар ва нотўғри маълумотлар ҳақида хабар беришда фаол иштирок этиш имконини тақдим этиш мақсадида ишлаб чиқилган. У Европа ва Марказий Осиё малакатларининг маҳаллий тилларида таёрланган.

«Health Buddy+ Ўзбекистонда ишга туширилиши коронавирус ва унга қарши вакциналар тўғрисида ишончли манбаларни тақдим этиш орқали бу мавзу атрофида тарқалаётган нотўғри маълумотлар тарқалишини бартараф этиш ва шу йўл билан COVID-19’га қарши чоралар самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган яна бир муҳим босқичдир», – деган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Куппенс.

«Health Buddy+ чат боти фойдаланувчиларнинг уларни қизиқтирган саволларига максимал даражада жавоб беришга мўлжалланган. Агар жавоб бўлмаса, мутахассислар гуруҳи ушбу савол бўйича янги маълумотлар пайдо бўлиши биланоқ чат ботдаги маълумотларни янгилайдилар. Health Buddy+ жамоаларга COVID-19 ҳақида аниқ, фойдаланувчилар учун қулай шаклдаги маълумотларни тақдим этиб, қарор қабул қилишда ёрдам берадиган восита бўлади, деб умид қиламиз. Охир-оқибат, бу жамоаларга оилалар ҳамда болаларни пандемия пайтида ва ундан кейин COVID-19, шунингдек вакциналар тўғрисида нотўғри маълумотлардан ҳимоя қилишга ёрдам бериши мумкин», – деди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Чат бот пандемия билан боғлиқ турли мавзулардаги, жумладан COVID-19 симптомлари, юқиш йўллари, ниқобдан фойдаланиш, жисмоний масофа сақлаш, руҳий саломатлик ва вакцинани ишлаб чиқиш бўйича маълумотларни тўплайди. Вирус ва у билан кураш борасидаги янги маълумотлар чат ботда доимий равишда янгиланиб боради.

Health Buddy+ қуйидаги веб-саҳифаларда мавжуд: www.sanepid.uz; www.yumh.uz

Шунингдек, Телеграм бот шаклида: @HealthBuddyBot орқали ўзингизни қизиқтирган маълумотларни олишингиз мумкин бўлади. 

Мавзуга оид