Ўзбекистон | 14:32 / 10.08.2021
2290
3 дақиқада ўқилади

1,1 миллиард сўмлик кучли таъсир қилувчи дорилар фош этилди

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан ДХХ ва ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги кучли таъсир қилувчи моддаларни айланма йўллар орқали Ўзбекистон ҳудудига олиб кириб, сўнгра уларни Тошкент шаҳрида пуллашга уринган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси томонидан Kun.uz’га маълум қилинди.

Тошкент шаҳри Бектемир туманида ўтказилган тезкор тадбирнинг дастлабки босқичида аввалдан кузатувга олинган фуқаро бошқарувидаги «Мерседес бенц спринтер» юк автотранспорти белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Мазкур автомашина юкхонасидаги бодринг солинган қоплар остида 9 та қопда ҳамда йўловчи ўриндиғи остидаги 1 та қопда жами 6076 та флаконда умумий қиймати 1 млрд 93 млн 680 минг сўм бўлган «Тропикамид» томчи дорилари яширилгани аниқланди.

Тезкор тадбир Бектемир туманида давом эттирилиб, мазкур дориларни қабул қилиб олиши лозим бўлган шахс ҳам қўлга олинди. Жиноий гуруҳнинг қинғир режасига кўра, мазкур дори воситалари кейинчалик шаҳар дорихоналари бўйлаб тарқатилиши лозим эди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг тезкор ходимлари томонидан пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги Ласетти белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, машина салонида 500 дона флаконда «Тропикамид» кучли таъсир этувчи дори воситаси, 3 дона «Регапен» капсуласи, 0,32 г гашиш ва 1 дона электрон тарози борлиги аниқланди.

Тезкор тадбирнинг навбатдаги босқичи Чилонзор туманида давом эттирилди. Аввалдан кузатувга олинган 2 нафар шахс Қатортол кўчасида бошқа бир шахсга 503 дона кучли таъсир қилувчи модда «Регапен» дори воситасини олди-берди қилаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Тезкор тадбирлар натижасида келгусида фуқароларнинг, айниқса ёшларнинг саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган, қиймати салкам 1,1 млрд сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид