Жаҳон | 15:05 / 24.08.2021
22668
2 дақиқада ўқилади

Толиблар тинч аҳолини оммавий қатл қилмоқда – БМТ

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил экспертлари ҳисоботида айтилишича, «Толибон» уйма-уй юриб тинтувлар ўтказаётгани сабабли кўплаб одамлар яширинишга мажбур бўляпти».

Фото: AP

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет Афғонистонда толиблар инсон ҳуқуқларини бузаётгани, жумладан, тинч аҳолини оммавий қатл қилаётгани тўғрисида маълумотлар келиб тушаётганини айтди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, толиблар болаларни жанговар ҳаракатларда қатнашишга чақирмоқда, аёллар ҳуқуқларини чекламоқда ва намойишларни бостирмоқда.

Бачелет БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашини Афғонистондаги вазият ва «Толибон» берган ваъдаларнинг бажарилишини мониторинг қилиш механизмини ишлаб чиқишга чақирди.

«Толибон» вакиллари аёлларнинг ишлаш ва қизларнинг мактабда ўқиш ҳуқуқларини шариат қонунлари асосида ҳурмат қилиш мажбуриятини олганди. Улар шунингдек, этник ва диний озчиликнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳукумат ёки халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилганларни қатағон қилмасликларини билдирганди», — деб таъкидлади БМТ олий комиссари.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил экспертлари ҳисоботида айтилишича, «Толибон» уйма-уй юриб тинтувлар ўтказаётгани сабабли кўплаб одамлар яширинишга мажбур бўляпти».

«Тинтувлар, ҳибсга олишлар, таъқиблар, қўрқитишлар ҳамда мулкни мусодара қилиш ва қатағонлар тўғрисида хабарлар келмоқда», — деган экспертлар.

Мавзуга оид