Жаҳон | 08:20 / 31.08.2021
18299
1 дақиқада ўқилади

АҚШ Афғонистондаги умумий йўқотишларини маълум қилди

АҚШ Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий амалиёти давомида 2 мингдан кўпроқ одамни йўқотди. Шу давр ичида АҚШнинг амалиётга кетган сарф-харажатлари 820 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилган. Бу ҳақда АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари генерал Кеннент Маккензи маълум қилди.

Фото: PA

“Бу оғир миссия бўлди, унинг давомида 2461 нафар америкалик ҳарбий ва фуқаро ҳалок бўлди ҳамда 20 мингдан кўпроғи яраланди”, деб маълум қилди генерал.

Унинг таъкидлашича, ушбу рақамларга 26 август Кобул аэропортида содир этилган терактда ҳалок бўлган 13 америкалик ҳарбий ҳам киритилган.

Маълумотларга кўра, Афғонистонда 2010 йилдан 2012 йилгача 100 мингдан кўпроқ америкалик ҳарбий бўлганда АҚШ ушбу миссияга йилига 100 млрд доллардан сарфлаган.

2016 йилдан 2018 йилгача эса ушбу харажатлар йилига 40 млрд долларни, 2019 йилда эса 38 млрд долларни ташкил қилган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётга сарфлаган маблағлари 2001 йил сентябрдан 2019 йилгача 778 млрд долларни ташкил қилган.

АҚШ ўз қўшинларини Афғонистонга 2001 йил 11 сентябрдаги терактдан кейин киритганди. Аввалроқ Вашингтон Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишни якунлаганини эълон қилди.

Мавзуга оид