Жаҳон | 16:52 / 31.08.2021
31359
2 дақиқада ўқилади

АҚШ «Толибон» ҳукумати тан олиниши шартини маълум қилди

Блинкеннинг сўзларига кўра, АҚШ Афғонистон билан ҳамкорликнинг янги босқичини бошламоқда.

Фото: АҚШ давлат департаменти

АҚШ давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен толиблар ҳукумати тан олиниши учун бажарилиши лозим бўлган шартларни маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ «Толибон» билан фақат ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлик қилади.

«Толибон» халқаро эътироф ва қўллаб-қувватловга ҳаракат қилмоқда. Айтар гапимиз шу: ҳар қандай эътироф ва қўллаб-қувватловга муносиб тарзда бўлиши керак. Толиблар сафар қилиш эркинлигини таъминлаш, афғон халқи, жумладан, аёллар ва озчиликнинг асосий ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, терроризмга қарши курашиш бўйича мажбуриятларини бажариш, Афғонистонда қолишни истаганларга нисбатан қатағон ўтказмаслик, афғон халқи эҳтиёжлари ва саъй-ҳаракатларини акс эттирувчи инклюзив ҳукумат тузиш орқали бунга эришишлари мумкин», — деди Блинкен.

У «Толибон» Афғонистоннинг АҚШ ва унинг иттифоқчиларига нисбатан таҳдид соладиган террорчилар учун базага айланишига йўл қўймаслик мажбуриятини олганини эслатиб ўтди.

Бундан ташқари, Блинкен АҚШ Кобулдаги элчихонасини Доҳага кўчирганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ Афғонистон билан ҳамкорликнинг янги босқичини бошламоқда.

Мавзуга оид