Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларига ҳокимлар раис бўлди
Тошкент шаҳар ва барча вилоят ҳокимлари Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг раислари деб белгиланди. Бу кенгашларнинг қарорлари давлат ва жамоат ташкилотлари учун мажбурий. Кенгаш мажлисларида раис ҳал қилувчи овозга эга.
Жорий йилнинг 21 август куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида Миллий кенгаш тўғрисидаги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар тўғрисида низомлар тасдиқланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Kun.uz'га тақдим қилган Низомга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши томонидан қабул қилинадиган қарорлар тегишли ҳудуддаги барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурий деб белгиланган.
Шунингдек, Аксилкоррупция агентлиги ҳудудий кенгашларнинг таъсис мажлисларида вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларнинг раислари этиб тасдиқланганини маълум қилган.
Kun.uz билан суҳбатлашган агентлик вакили ҳудудий кенгаш аъзоларининг тасдиқланган намунавий таркибида халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашлари раислари Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларнинг раиси сифатида кўрсатилганини билдирди. Шу сабабли таъсис мажлисларида маҳаллий кенгашларнинг раҳбарлари ҳисобланган вилоят ҳокимлари Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашда ҳам раис сифатида таништирилган. Шунингдек, ушбу намунавий таркибга вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, нодавлат нотижорат ташкилоти, ОАВ вакиллари, тадбиркорлар ва фаҳрийлар ҳам киритилган.
Агентлик расмийси, шунингдек, келгусида ҳокимлар маҳаллий Кенгаш раислигидан чиқариб юборилиши назарда тутилганини билдирди. Шундан сўнг, маҳаллий кенгаш раислигига келган шахс Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашига ҳам раиси этиб тасдиқланади.
Ҳудудий кенгаш Ўзбекистон қонунлари ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши қарорлари асосида фаолият юритади. Унга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари амалга оширилишини таъминлаш, соҳадаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, коррупция ҳолати ва тенденцияларига доир ахборотни йиғиш ва таҳлил қилиш, аксилкоррупция чоралари бўйича мониторинг ҳамда соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар бериш каби бир қанча вазифалар юклатилган.
Низомда ҳудудий кенгаш ўз фаолиятини доимий асосда олиб бориши ва ўз мажлисларини заруратга қараб, аммо йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказиши белгиланган. Ҳудудий кенгашларнинг ишчи органи функциясини тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари котибиятлари бажаради.
Ҳудудий кенгаш раислари кенгаш фаолиятига ва мажлисларига раҳбарлик қилади, кенгаш кун тартиби ва иш режаларини тасдиқлайди ҳамда ҳудудий кенгаш мажлисларида ҳал қилувчи овозга эга бўлади.
2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони асосида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилган эди.
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг раиси этиб Сенат раиси Танзила Норбоева, унинг ўринбосари сифатида Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов тасдиқланган. Бундан ташқари, Миллий Кенгаш таркибидан деярли барча вазирлар ва давлат ташкилотларининг раҳбарлари ўрин олган.
Айнан ушбу фармон асосида ташкил қилинган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Миллий кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланиб, унга кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижросини ташкил этиш вазифаси юкланган.
Мавзуга оид
22:02 / 22.10.2024
Украина бош прокурори «сохта ногиронлик» билан боғлиқ ҳолатлар учун истеъфога чиқди
21:55 / 22.10.2024
Перу собиқ президенти Алехандро Толедо пора олгани учун 20 йилга қамалди
22:14 / 19.10.2024
“Пора олиш камайиб, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ортган” — Акмал Бурҳонов
21:05 / 15.10.2024