Жаҳон | 10:12 / 04.11.2021
3932
3 дақиқада ўқилади

Жанубий африкалик ёзувчи 2021 йилги Букер мукофоти совриндори бўлди

Жанубий африкалик ёзувчи Дэймон Гэлгут 2021 йил учун Халқаро Букер мукофотини қўлга киритди. Совриндорни мукофотлаш маросими 3 ноябрда Лондонда бўлиб ўтди.

Фото: Getty Images

Гэлгут нуфузли мукофот билан “Ваъда” (The Promise) деб номланган асари учун тақдирланган. Ушбу роман Жанубий Африкада яшовчи оқ танли оила ҳақида бўлиб, ундаги воқеалар 1980-йиллардан бошланади. Романда ўлаётган оқ танли аёл ўз турмуш ўртоғидан уларга тегишли фермани қора танли хизматкор аёлга қолдиришга ваъда беришини сўрайди. Бироқ эр ваъдани бажармайди ва бу бутун оила учун ўнлаб йиллар давомида гўёки “қарғиш”га айланади. 

Ёзувчи, шунингдек, 50 минг фунт стерлинг (88 минг доллар) миқдоридаги пул мукофоти билан ҳам тақдирланган.

Гэлгут мукофотни барча африкалик ёзувчиларга бағишлашини айтган.

“Бу йил Африка адабиёти учун ажойиб йил бўлди. Ушбу мукофотни айтилган ва айтилмаган барча воқеалар, буюк қитъанинг эшитилган ва эшитилмаган ёзувчилари номидан қабул қилишни истардим. Мен ҳам ушбу қитъанинг бир қисмиман”, деб айтган Гэлгут маросимдаги нутқида.

“Жорий йилда Нобел совриндори Африкадан бўлгани ва Букерни африкалик олгани, Африка овози тобора жаранглаётганини тахмин қилишга ижозат беради”, деб таъкидлаб ўтган ёзувчи.

Октябрда араб миллатига мансуб танзаниялик ёзувчи Абдулраззоқ Гурна адабиёт бўйича Нобел мукофоти совриндорига айланди. 3 ноябрда эса сенегаллик ёзувчи Муҳаммад Мбугар Сарр Франциянинг адабиёт соҳасидаги энг нуфузли мукофоти – Гонкур мукофоти билан тақдирлангани маълум бўлди.

Гэлгут Букер мукофоти учун курашда дунёнинг турли бурчакларидан бўлган, асарлари Британия ва Ирландияда 2020 йил 1 октябрдан кейин чоп этилган 158 ёзувчини ортда қолдира олган.

2020 йил учун Букерни 29 ёшли нидерландиялик Марика Лукас Рейневелд “Ноқулай кеча” асари учун қўлга киритганди. Эътиборлиси, у мукофотнинг энг ёш совриндорига айланганди.

2004 йилда ташкил этилган Букер мукофоти адабиёт соҳасидаги энг нуфузли мукофотлардан бири ҳисобланади. 2016 йилдан бошлаб у инглиз тилида китоб ёзган ёки асари Британияда нашр этилган ёзувчиларга берила бошланган.

Мавзуга оид