Ўзбекистон | 11:09 / 16.11.2021
4979
2 дақиқада ўқилади

21 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотишни тақиқлаш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 21 ёшга тўлмаганларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланиши мумкин. 

Фото: Халқ демократик партияси

Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, фуқароларнинг, аввало, 21 ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Янги ҳужжатда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотишнинг ёш чегараси 20 ёшдан 21 ёшгача кўтарилади, етказиб бериш ва тарқатиш бўйича алоҳида талаблар киритилади. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотувчи 21 ёшга тўлмаган харидордан шахсини ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиши, ҳужжат бўлмаган тақдирда эса сотишдан бош тортиши шарт.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда, бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган. Жумладан, АҚШ ва Қозоғистонда 21 ёшга тўлмаганларга алкоголь ва тамаки сотиш тақиқланиши, Туркманистонда, Индонезияда 21 ёшга тўлмаганларга, Ҳиндистоннинг 17 та штатида эса 21-25 ёшга тўлмаганларга алкоголь сотиш тақиқлангани инобатга олиниб, мамлакатда ҳам бу борада ёшга доир тақиқни 21 ёшгача ошириш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид