Жамият | 19:08 / 19.11.2021
2315
2 дақиқада ўқилади

Қоида бузган пиёдалар қидирувда экани аниқланди

Тошкент вилоятида ўтказилган «Хавфсиз тун» тезкор профилактик тадбири доирасида 3 нафар қидирувдаги шахс аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: Евгений Одиноков

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Янгийўл шаҳрида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган. Электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, 1982 йилда туғилган А.Р. қидирувда экани, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланиб, суд томонидан «қамоқ» эҳтиёт чораси белгиланишига қарамасдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юргани аниқланган.

Шунингдек, 15 ноябрь куни Паркент туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори пиёда Б.С.ни қоидабузарлик содир этгани учун тўхтатиб, электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида у ҳам қидирувда экани аниқлаган. Паркент тумани ИИБ томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, Фарғона вилоятида яшовчи ушбу шахс Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юрган.

Яна бир ҳолатда 18 ноябрь куни ЙПХ инспектори Паркент туманида хизмат олиб бораётган вақтида қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган. Қоидабузарлиги юзасидан электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, мазкур фуқаро ҳам қидирувда экани аниқланган. Суриштирувларга кўра, Фарғона вилоятида яшовчи 1996 йилда туғилган Л.К. Жиноят кодексининг 122-моддасида (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) кўрсатилган бир неча жиноятни содир этиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юргани аниқланган.

Ушланган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида улар ҳудудий ИИБга олиб борилган.

Мавзуга оид