Ўзбекистон | 15:18 / 14.12.2021
5106
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон олий таълим квалификацияларини тан олиш бўйича конвенцияга қўшилиши кутилмоқда

Ўзбекистон олий таълим квалификацияларини тан олиш бўйича Токио конвенциясига қўшилиши кутилмоқда. Бу ҳақида таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 10 декабрь куни пойтахтимиздаги “City Palace” меҳмонхонасида “Олий таълим квалификацияларини тан олиш бўйича конвенцияни қабул қилиш ва жорий этиш учун манфаатдор томонлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш” мавзусида юқори даражадаги экспертлар учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис депутатлари, бош вазир ўринбосари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари раҳбарияти, Япония, Россия ва Арманистон давлатларининг халқаро экспертлари ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этишди.

ЮНEСКО ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумда Олий таълим квалификацияларини тан олиш бўйича Токио конвенциясини Ўзбекистонда жорий қилиш 2018-2021 йилларда амалга оширилиши кераклиги белгиланган эди. Инспекция ахборот хизматига кўра, бу борада босқичма-босқич олиб бориладиган ишларнинг барчаси бажарилган.

“Ўзбек ёшларининг олий таълим билан қамров даражаси 3 баробарга (2016 йилда 9 фоиз бўлган бўлса, 2021 йилда 28 фоиз) ошди. Таълим хизматлари бозорида хорижий ва нодавлат таълим хизматлари вакилларининг иштироки кенгайди. Олий таълим муассасалари сони 2,2 маротаба (2016 йилда 64 та – 2021 йилда 141 та), нодавлат ОТМлар сони 7,2 маротаба (2016 йилда 4 та – 2021 йилда 29 та) ошди.

Халқаро тажриба асосида хорижий таълимни тан олиш жараёнлари соддалаштирилди. Нострификация амалиётидан воз кечилиб, “тан олиш” амалиёти жорий этилди. Хорижий олий таълим квалификацияларини тан олиш муддати 30 кундан 10 кунга қисқартирилди. Жараён рақамлаштирилиб, давлат хизматлари орқали амалга ошириш йўлга қўйилди.

Таълим сифати халқаро даражада эътироф этилган 8000 дан зиёд хорижий олий таълим муассасаларининг дипломларини тўғридан тўғри тан олиш жорий этилди”, дейилади хабарда.

Токио конвенцияси нима?

Ушбу конвенцияни ратификация қилиш юртдошларимиз учун хорижий давлатларда таълим олиш, ишлаш ва бу борада ўқиган давлатида олинган малакани ва ҳужжатини бошқа бир давлатда тан олинишини, хусусан, таълим олишни кейинги босқичда давом эттириш яъни академик тан олиш ҳамда касбий фаолият билан шуғулланиш учун тан олиш имконини беради.

Мазкур конвенция 2018 йил 1 февралдан кучга кирган бўлиб, 2021 йил ноябрь ойи ҳолатига кўра Токио конвенциясига 12 давлат: Арманистон, Австралия, Хитой, Фижи, Ватикан, Япония, Мўғулистон, Янги Зеландия, Корея Республикаси, Россия ва Туркия қўшилган.

 Токио конвенциясини ратификация қилиш орқали Ўзбекистонда:

– ўзбек ёшларининг сифатли олий таълим олиш имконияти кенгайиб, мамлакатнинг барқарор ривожланиш мақсадига эришишига кўмаклашилади;

– халқаро даражада эътироф этилган норматив-ҳуқуқий доирада таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш имкони яратилади;

– миллий ахборот марказлари тармоғига кириш билан ўзбек таълим тизими тўғрисидаги ҳар қандай маълумотни халқаро миқёсда тақдим этиш учун йўл очилади;

– хорижий таълимни тан олиш жараёнини янада соддалаштириш орқали Ўзбекистон фуқароларининг халқаро таълим ва меҳнат бозоридаги эркин мобиллиги таъминланади;

– ўзбек олий таълим хизмати экспорти кўлами кенгаяди, кредитни солиштириш имкони юзага келади, тан олишдаги тўсиқлар бартараф этилади;

– Ўзбекистоннинг олий таълим соҳасидаги асосий халқаро шартномаларидан бирига қўшилиши дунёда мамлакат мавқейини оширади;

– олий таълим дипломи ва диплом иловаси халқаро стандарт асосида уйғунлаштирилади.

Конвенцияни ратификация қилган давлатларда қайси бирида бўлишидан қатъи назар ўрта маълумот олганлик тўғрисидаги шаҳодатнома (аттестат) билан олий маълумот олиш учун ҳужжат топширишда ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди. Аммо ҳар бир давлатнинг ОТМга ўқишга қабул қилиш шартларини ўзаро ҳурмат қилган ҳолда амал қилинади. Яъни хорижий абитуриент Ўзбекистонда олий таълим олиши учун мамлакатимиздаги қабул шартларига бўйсунади. Юртдошларимиз хорижий давлатларга олий таълим муассасасига ўқишга кирмоқчи бўлса, уларнинг қабул шартларига амал қилиши кўзда тутилади. Олий таълим муассасасига қабул қилишда малака эгаси тегишли таълимни самарали ўташга тайёр бўлиши учун тегишли муассасада таълим олиб бориладиган тил ёки тилларни етарли даражада эгалланганлиги талаб этилиши мумкин, зеро малака эгаси ушбу тилни билиши керак бўлади.

Маълумот ўрнида, 2020 йил 1 январь ҳолатига юртимиздаги 62 та давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг 27 та филиалида 4760 нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда.

Мавзуга оид