Ўзбекистон | 07:25 / 17.12.2021
9097
2 дақиқада ўқилади

Фавқулодда ҳолат тўғрисидаги конституциявий қонун президент томонидан имзоланди

Қонунга кўра, Ўзбекистонда фавқулодда ҳолат режими энг кўпи билан тўрт ой муддатга жорий этилиши мумкин.

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Конституциявий қонуни 15 декабрь куни имзоланган. ЎРҚ-737 рақами билан қайд қилинган қонунни Олий Мажлиснинг қонунчилик палатаси 2021 йил 24 июлда қабул қилган, Сенат томонидан 19 ноябрда маъқулланган.

38 та моддадан иборат ҳужжатга кўра, Фавқулодда ҳолат президент фармони билан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида жорий этилади, бу ҳақда дарҳол ОАВда эълон қилинади.

Фавқулодда ҳолат режими 4 ойдан кўп бўлмаган муддатга жорий этилиши мумкин — бу республиканинг айрим ҳудудларида амал қиладиган ФҲ режими учун белгиланган максимал муддат. Бутун республика бўйлаб фавқулодда ҳолат 30 кунга жорий этилиши, зарурият туғилса президентнинг бошқа фармони билан яна бир марта шунча муддатга чўзилиши мумкин.

Президентнинг ФҲ режимини узайтириш ҳақидаги фармони парламент палаталарининг қўшма мажлисида тасдиқланиши лозим.

Қонунга кўра, Фавқулодда ҳолат даврида давлат органларининг ваколатлари тўлиқ ёки қисман тўхтатилиши, ҳаракатланишга чекловлар жорий этилиши, йиғилишлар ва митингларга тақиқ ва чекловлар қўлланилиши, шунингдек транспорт ҳаракати чекланиши мумкин.

Фавқулодда ҳолат жорий этилганда президент фармони билан ФҲ режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси, ҳудуд комендатураси ташкил этилиши мумкин.

Мавзуга оид