Ўзбекистон | 20:50 / 20.12.2021
8743
6 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш тизимидаги аутсорсинг бюджет талон-торожига шароит яратиб бераётгани аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги соғлиқни сақлаш тизимидаги бюджет буюртмачилари томонидан махсус ахборот порталида жойлаштирилган аутсорсинг хизматларини ташкил этишга оид эълонларнинг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқлигини ўрганиб чиқди.

Фото: KUN.UZ

Таҳлиллар давомида соғлиқни сақлаш тизимидаги аутсорсинг хизматларини ташкил этишда тизимли хато ва камчиликларга йўл қўйиб келинаётгани аниқланган. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар қилди.

Жумладан, республика бўйича соғлиқни сақлаш тизимида 597 та муассаса мавжуд бўлиб, уларга иссиқ овқат тайёрлаш ва етказиш учун 2019 йилда 176,6 миллиард сўм, 2020 йилда 286,6 миллиард сўм, 2021 йилнинг январь-август ойлари учун 389,3 миллиард сўм ажратилган.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасалар томонидан “dxarid.uz” махсус ахборот порталига 2020 йилда 1158 та лот бўйича 100 миллиард 100,9 млн сўмлик ва 2021 йилнинг январь-август ойларида 1402 та лот бўйича 255 миллиард 642,3 млн сўмлик иссиқ овқат тайёрлаш ва етказиш учун эълонлар берилиб, буюртмалар амалга оширилган.

Маълум қилинишича, бугунги кунда тиббиёт муассасаларининг бюджет сметасида иссиқ овқат тайёрлаш хизмати учун ажратилган маблағларни аниқ мезонлар билан ҳисоб-китоб қилиш механизми йўқ. Шу сабабли ҳудудларда бу жараён 1992 йилда қабул қилинган соғлом овқатланиш нормаси бўйича тахминий ҳисоб-китоблар қилиб келинган.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 36-моддаси талабларида шартномани бажариш учун зарур техник, молиявий, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги ҳолати иштирокчиларга талаб сифатида қўйилиши белгиланган бўлса-да, 2020 йилда 270 та лот бўйича 15,6 миллиард сўмлик иссиқ овқат тайёрлаш бўйича 109 та танлов ғолиби деб топилган субъектлар ишчи сифатида 0-3 нафар шахсни кўрсатган холос.

Худди шундай, 2021 йилнинг январь-август ойларида ҳам иссиқ овқат тайёрлаш юзасидан электрон порталга қўйилган эълонлардан 324 та лот бўйича 43,4 миллиард сўмлик иссиқ овқат тайёрлаш бўйича 148 та танлов ғолиби деб топилган субъектлар ишчи сифатида 0-3 нафар шахс ишлашини кўрсатган.

“Бундан кўринадики, аутсорсинг хизматини кўрсатувчи субъектлар томонидан расмий равишда ишчиларининг кўрсатмасдан келиниши, ўз навбатида конверт усулида ноқонуний равишда норасмий ишчиларнинг ишлатилишига ҳамда бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишига шарт-шароит яратмоқда.

Шунингдек, 226 та тиббиёт муассасалари томонидан аутсорсингга ўтгунга қадар ушбу муассасада ошпаз, кирчи ва турли лавозимларда ишлаган ишчиларни бўшатган ҳолда, айнан ушбу буюртмачилар билан шартнома имзолаган аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига 1315 нафари ишчи сифатида расмийлаштирилиб, эски тизим давом этиб келмоқда.

Бу каби сунъий корхона ташкил қилиш ҳолатлари келгусида манфаатлар тўқнашувини юзага келтирувчи коррупциявий омиллар келиб чиқишига шарт-шароит яратади”, – дейилади таҳлиллар хулосасида.

Бундан ташқари, ўтказилган мониторингларда тиббиёт муассасаларининг биносида ташкил этилган ошхонада иссиқ овқатлар аутсорсинг асосида тайёрланиб, муқаддам тиббиёт муассасасининг ошпази лавозимида ишлаб келган ишчиларнинг аксарияти аутсорсинг хизматини кўрсатувчи корхонага ишчи сифатида расмийлаштирилиб ёки расмийлаштирилмаган ҳолда конверт усулида иш ҳақи бериш ҳолатларига йўл қўйиб келинаётгани аниқланган.

Бироқ бу ҳолатлар бўйича ҳам ягона тизим йўлга қўйилмагани, ҳисоб-китоб қилиш механизми йўқлиги сабабли ҳудудларда турли хил амалиёт асосида иш юритиб келиниб, бюджет сметаси харажатларини шакллантиришда тахминий ҳисоб-китоблар амалга оширилаётгани ҳолатлари бюджет маблағларининг талон-торож қилинишига шарт-шароит яратиб бераётгани маълум бўлди.

Агентлик юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 36- ва 59-моддаларида қайд этилган мажбуриятларни тўлиқ бажариш мақсадида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигига соҳадаги коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган қуйидаги механизмларни жорий этиш бўйича чоралар кўришни тавсия қилди:

  • — аутсорсинг хизмати бўйича ўтказиладиган тендер ва танловларда конвертда тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини танлов комиссиясида онлайн тарзда кўрадиган умумий тусдаги электрон дастур шакллантириш ва бунда давлат ташкилотларининг раҳбари ёки бош ҳисобчисига махсус логин-пароль асосида кўриш имкониятини яратиш;
  • — иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби, шунингдек шартнома лойиҳасини электрон порталга мажбурий жойлаштириш каби барча маълумотлар шакллантирилмаса, лот рақами биржада рўйхатга олинмаслигини чекловчи қўшимча модулларни яратиш;
  • — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимларида аутсорсинг асосида овқатланиш хизматларини ташкил этишда ягона тизим ва амалиёт шакллантирилмагани, беморларни овқатлантириш 1992 йилда қабул қилинган тавсиявий соғлом овқатланиш нормаси доирасида амалга оширилаётганидан келиб чиқиб, бугунги кун талаблари асосида ва беморларнинг даволанаётган тиббий муассасаларига мувофиқ тарзда соғлом овқатланиш нормасини қайтадан кўриб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ҳужжати билан тасдиқлаш;
  • — Тиббиёт муассасаларида аутсорсинг хизматларини ташкил қилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги 16-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасидаги ташкилотларда аутсорсинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги Низоми талабларига риоя қилиниш аҳволини ҳудудларда қўшимча ўрганиш орқали аниқланган тизимли камчиликлар асосида Низом билан тартибга солинмаган коррупцияга сабаб бўлаётган бўшлиқларни тўлдириш ва такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
  • — барча бюджет ташкилотлари (дастлаб соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси)нинг бош ҳисобчи ва ҳисобчиларининг йўл қўйилаётган қонунбузилишлар олдини олиш мақсадида Молия вазирлиги ва тегишли вазирлик идораларнинг малакали мутахассислари иштирокида бир ҳафталик масофавий ўқишларни ташкил қилиш.

Мавзуга оид