Ўзбекистон | 08:38 / 20.12.2021
56719
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors 4та моделни сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатди

UzAuto Motors компанияси 2022 йил 1 февралга қадар “Нексия”, “Спарк”, “Кобальт”, “Ласетти” автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатди. Бу ҳақда компания баёнотида айтилган.

Фото: UzAuto Motors

“Ҳаммамизга маълумки, логистика муаммолари портлар ва темир йўлларда (контейнерлар 6 ойгача кечикади), шунингдек, бутун бўйлаб яримўтказгичларни етказиб беришда узилишлар дунё глобал автомобиль саноатида узоқ давом этган инқирозга олиб келди. 

Афсуски, бизнинг компаниямиз ҳам бундан мустасно эмас. Кеча-ю кундуз ишлаб чиқаришга қарамай, дилерларнинг барча саъй-ҳаракатлари ва Компания ходимларининг фидокорона меҳнатига қарамай, автосалонларда навбатлар тобора ортиб бормоқда”, дейилади баёнотда.

Билдиришича, компания октябр, ноябрь ва декабрь ойларида шартнома мажбуриятларини сифат жиҳатидан йўқотмасдан бажариш учун барча имкониятларни ишга солган.

“Аммо ҳар сафар компания вазиятни амалда енгиб, аввал етказиб берилмаган автомобилларни ишлаб чиқара олди ва деярли нормал иш ритмига қайтди, навбатдаги носозликлар барчамизни орқага қайтарди.

Бундай шароитда компаниянинг бошқа бир йўли мавжуд эмас, бир қатор бошқа глобал автомобиль ишлаб чиқарувчилардан ўрнак олишга, вақтинча, 20.12.2021 дан 01.02.22 гача муддатига “Нексия”, “Спарк”, “Кобальт”, “Ласетти” автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатиб, барча куч-ғайратимизни олдиндан буюртма қилинган автомобилларни ишлаб чиқаришга қаратиш”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, айнан шу мақсадда завод белгиланган муддатда ишлайди. 

“Бу қарорни қабул қилиш биз учун осон бўлмади, аммо ҳозирги шароитда компания аввал берилган буюртмалар бўйича автомобилларни ишлаб чиқаришни ўзининг устувор вазифаси деб билади. Вақтинчалик янги автомобилга буюртма бера олмаган потенциал харидорларимиздан чин дилдан узр сўраймиз”, дейилади компания баёнотида.

Аввалроқ, UzAuto Motors Captiva сотиб олмоқчи бўлганларга пулларни қайтаришни бошлаганди

Мавзуга оид