Жаҳон | 20:30 / 10.01.2022
104232
2 дақиқада ўқилади

Эксперт Лукашенконинг Ўзбекистон ва “Қозоғистон сценарийси” тўғрисидаги сўзларига баҳо берди

Аввалроқ Александр Лукашенко Ўзбекистонни Қозоғистондаги воқеалардан “сабоқ чиқариш”га чақирганди.

Фото: РИА Новости

Ўзбекистондаги ҳолат Қозоғистондагидан тубдан фарқ қилади, Ўзбекистон ҳудудида вазият беқарорлашиши учун ҳеч қандай асос йўқ.

Россия Фанлар академияси жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг постсовет тадқиқотлар маркази катта илмий ходими Станислав Притчин Александр Лукашенконинг сўзларига изоҳ бераркан, ана шундай фикрни айтди.

Беларусь президенти Александр Лукашенко КХШТ саммитида чиқиши давомида қўшни мамлакатлар Қозоғистондаги норозиликлардан хулоса чиқариши кераклигини айтганди.

Фото: EPA

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон бу вазиятга алоҳида эътибор қаратиши керак. Лукашенконинг сўзларига кўра, бу гапни айтишга имкон берувчи тезкор маълумот мавжуд.

"Глобал миқёсда гапирилса, вазиятни беқарорлаштириш учун ҳар доим имконият бўлади. Аммо Ўзбекистондаги ҳозирги ҳолатни таққослайдиган бўлсак, бу ердаги вазият Қозоғистондагидан тубдан фарқ қилади: бу ерда Қозоғистондаги фожиали воқеалар арафасида бўлгани каби ҳеч қандай сиёсий бўлиниш йўқ", — деди Притчин.

Экспертнинг изоҳ беришича, Ўзбекистонда вазият барқарор: барча қарорлар жамоатчилик фикри билан бўлмаса-да, аҳоли турмуш даражасига мувофиқ, воқеликдан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.

"Умуман олганда, беқарорлик келиб чиқиши учун жиддий асослар йўқ", — деб таъкидлади у.

Унинг қўшимча қилишича, Чимкентда ҳам тартибсизликлар юз берди, у Тошкентдан 100 километр масофада жойлашган. Шунинг учун қўшни Қозоғистондаги намойишларда маълум бир даражада ўзбек фуқаролари ҳам қатнашган бўлиши мумкин.

"Яъни бу бевосита эмас, аммо Қозоғистон жанубида кўп сонли ўзбек фуқаролари ишлаши ҳисобга олинса, айрим шахслар тартибсизликларда қатнашган бўлиши мумкин. Минтақада ўзаро узвийлик бор. Лекин Ўзбекистонда вазиятни беқарорлаштириш учун ҳеч қандай фундаментал сабаб йўқ", — деди Притчин.

Мавзуга оид