Ўзбекистон | 07:20 / 07.02.2022
17364
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонида қолиб кетган 14 киши эвакуация қилинди

Қамчиқ довонида қолиб кетган транспорт воситалари ва фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Қайд этилишича, кеча, 6 феврал куни соат 19:05 да «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси навбатчи-диспетчерига «Қамчиқ» довонидан ўтган А-373 Тошкент-Ўш автомобиль йўлининг 242-км шимолий айланма йўлида об-ҳавонинг кескин ўзгариши натижасида тепаликда қолиб кетган 14 нафар фуқарога ёрдам кераклиги ҳақида маълумот келиб тушган.

Воқеа жойига «Қамчиқ» қутқарув отрядидан махсус техника ҳамда қутқарувчи ходимлар чиқиб, тоғда қолиб кетган 14 нафар фуқаро ҳамда уларнинг транспорт воситаларини пастга олиб тушиш ҳамда эвакуация қилиш ишлари амалга оширилди.

Қутқарувчилар соат 20:10 да барча фуқароларни пастга олиб тушиб, манзилларига юборишда амалий ёрдам кўрсатган. Ҳодиса натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Аввалроқ, ФВВ Қамчиқ довонида об-ҳаво кескин ёмонлашиши ҳақида огоҳлантирганди

6 - 7 февраль кунлари А-373 Тошкент-Ўш автойўлининг Қамчиқ довони ҳудудида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши мумкин.

Довонда кўриш масофаси 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 17 - 22 м/с ва қисқа вақтларда 25-27 м/с гача кучайиши, автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши кутиляпти.

Мавзуга оид