БМТ Қорақалпоғистон ССВга саратон олди касалликларини даволаш ускуналарини тақдим этди
2022 йилнинг 18 февраль куни Бирлашган миллатлар ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига саратон олди касалликларини бирламчи босқичда даволаш ускуналарини тақдим этди.
Ускуналарни топшириш маросими 2022 йилнинг 18 февраль куни Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш учун ОПВ тестини ўтказиш” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисига тақдим этилган ускуналар ёрдамида бирламчи тиббий-санитария бўғинида ишловчи шифокорлар аёллардаги ўсмаларни эрта босқичда даволашда зарур ёрдам кўрсатиши, бачадон бўйни биопсияси, бачадон бўйни гиперкератозида диатермоэлектрокоагуляцияни ўтказиши ва қон кетишини тўхтатиши мумкин бўлади.
Ускуна жарроҳликнинг кўплаб соҳаларида ишлаш учун мўлжалланган: амбулатор гинекология, амбулатор жарроҳлик, косметология ва дерматология, режалаштирилган мослашувчан ҳамда қаттиқ эндоскопия ва ҳ.к.
Эндиликда чекка ҳудудларда яшовчи аёллар онкология марказларига эмас, балки тўғридан тўғри поликлиникаларга бориб, у ерда саратон олди касалликларини даволаш бўйича барча хизматлардан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади.
БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Камолхон Иномхўжаевнинг қайд этишича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш учун ОПВ тестини ўтказиш” лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикасида кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасини ошириш ва бачадон бўйни касалликларига чалинган аёлларни даволаш бўйича бошланғич бўғин салоҳиятини кучайтиришни мақсад қилган.
Келгусида пилот лойиҳанинг натижаси сифатида бачадон бўйни саратони ташкилий скрининги бўйича миллий дастур ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши кутилмоқда. Скрининг дастурлари бачадон бўйни саратони билан касалланишнинг янги ҳолатлари ҳамда ўлим даражасини 80 фоизгача камайтириш каби ижобий натижалар бериши мумкин.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва БМТнинг Аҳолишунослик бўйича жамғармаси 2020 йил 6 августда имзоланган англашув ҳужжати доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда. Мақсад - репродуктив саломатлик бўйича комплекс стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жумладан, асосий эътиборни қишлоқ аҳолиси, шунингдек, Оролбўйида экологик офатга дучор бўлган ҳудудлар аҳолисига қаратган ҳолда оналар саломатлиги ҳамда ОИВ инфекциясининг олдини олиш бўйича интеграциялашган комплекс хизматлар пакетини таъминлашдан иборат.
Тақдим этилган ускуналар ҳудудларда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш ва бачадон бўйни саратони профилактикаси бўйича аёллар ва умуман, болаларга кўрсатилаётган ёрдам сифатини оширишга БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА)нинг қўшган ҳиссасини ифодалайди.
Маълумот учун, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси 1993 йилдан бери Ўзбекистонда фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда миллий ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликда бешинчи давлат дастури (2020-2025 йиллар)ни амалга оширмоқда.
Мавзуга оид
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
14:10 / 05.11.2024
БМТ: РФ ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик «хавфли эскалация»га олиб келади
13:50 / 05.11.2024