Путин уруш очди. Асосий маълумотлар
Путиннинг Донбассда ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилиши ортидан рус ҳарбийлари Украина ҳудудига ҳаводан ҳужумлар бошлади. Украина чегарачилари Россия қуруқликда ҳам Беларусь ёрдамида шимолдан ҳужумга ўтганини маълум қилган. Украина ерлари ва одамларини бой бермоқда.
24 феврал тонгида, Москва вақти билан соат 5:30да Россия президенти Владимир Путин давлат телеканаллари орқали мурожаатида Украинада «махсус ҳарбий амалиёт бошлангани»ни эълон қилди. У Донецк ва Луҳанск халқ республикалари ёрдам сўрагани, «Киев режими томонидан таҳқирлаш ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш» учун ҳарбий ҳаракатлар бошлаганини маълум қилди. Украина бўлаётган ҳодисаларни «босқинчилик уруши» деб атади. АҚШ ва Буюк Британия Россиянинг ҳаракатларини Украинага ҳужум сифатида баҳолаган.
«Ҳурматли ўртоқлар»
«Мен махсус ҳарбий операция ўтказишга қарор қилдим. Унинг мақсади саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирлаш ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилишдир. Ва бунинг учун биз Украинани демилитаризация ва денацификация қилишга интиламиз. Шунингдек, тинч аҳолига, жумладан, Россия Федерацияси фуқароларига қарши кўплаб қонли жиноятларни содир этганларни ҳам судга тортиш мақсад қилинган», деди у мурожаати давомида.
Президент Россиянинг режаси Украина ҳудудини босиб олиш эмаслигини қайд этган.
У Украина фуқароларига мурожаат қилган.
«Бугунги воқеалар Украина халқи манфаатларига тажовуз қилиш истаги билан боғлиқ эмас. Бизнинг ҳаракатларимиз - бизга қарши таҳдидлардан ўзимизни ҳимоя қилишдир. Қанчалик қийин бўлмасин, буни тўғри тушунишни сўрайман», деган Путин.
У украин ҳарбий хизматчиларини қуролларни топшириб, таслим бўлишга чақирган.
«Украиналик ҳарбий хизматчиларга ҳам мурожаат қилишим керак. Ҳурматли ўртоқлар, ота-боболарингиз умумий ватанимизни ҳимоя қилиш йўлида ҳозирги миллатчилар Украинани эгаллаб олиши учун жанг қилмаган. Сиз Украина халқига қасамёд қилгансиз, Украинани талаб, халқининг устидан куладиган тўдага эмас. [Бу тўданинг] жиноий буйруқларини бажарманг.
Сизларни тезда қуролларни ташлаб, уйингизга қайтишни сўрайман. Айтиб қўяй, эҳтимолий қон тўкилиши Украина ҳудудида ҳукмронлик қилаётган режимнинг виждонига ҳавола бўлади», деди Путин.
Президентнинг телемурожаати 27 дақиқа давом этган, у НАТО шарққа қараб кенгайишда давом этаётганини такрорлаган, СССР қулаши ва дунёда «кучлар нисбати» бузилганини эслатган, Иккинчи жаҳон уруши билан параллеллар келтирган.
Ҳар томондан ҳужум
Путиннинг мурожаати эълон қилиниши ортидан Украинанинг турли шаҳарларида - Киев, Харкив, Одесса, Херсон ва бошқа ҳудудларда портлашлар бўлаётгани тўғрисида хабарлар кела бошлади. Украина Хавфсизлик кенгаши Алексей Данилов мамлакатдаги ҳарбий инфратузилмаларга зарбалар бўлаётганини тасдиқлади. Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
Россия мудофаа вазирлиги Украина ҳудудига зарбалар берилганини тасдиқлади «Юқори аниқликдаги қуроллар Украина ҳарбий инфратузилмаси, ҳаво ҳужумидан мудофаа объектлари, ҳарбий аэродромлар ва авиацияни ишдан чиқармоқда», дейилади РФ мудофаа вазирлиги баёнотида.
Шу билан бирга вазирлик Россия қуролли кучлари Украина шаҳарларига ракеталар учирмагани, авиация ва артиллерия зарбалари бермаганини қайд этган. «Украинанинг тинч аҳолисига ҳеч қандай таҳдид йўқ», дейилади баёнотда.
Кўп ўтмай РФ Мудофаа вазирлигининг навбатдаги баёноти эълон қилинди. Унга кўра:
- Украиналик чегарачилар россиялик ҳарбий бўлинмаларга ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаяпти;
- Украина қуролли кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофа тизимлари бостирилди;
- Украина қуролли кучлари авиабазаларидаги ҳарбий инфратузилмалар ишдан чиқарилди.
CNN танклар колоннаси Беларус орқали Украина чегарасидан ўтаётгани акс этган видеони эълон қилди.
Шунингдек, Днестрбўйидан туриб ҳам Украина томонга ракеталар учирилган.
Донбассдаги туташув чизиғида ҳам жанглар кетмоқда
ДХР ва ЛХР қуролли кучлари Россия ҳарбийлари ортидан Донбассдаги туташув чизиғига ҳужум қилишган. Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикалар раҳбарияти ўз суверенитетини Донецк ва Луҳанск областларининг маъмурий чегараларида тиклаш ниятини маълум қилган (айни вақтда бу областларнинг катта қисми Киев назоратида). ДХРдагилар Викторовка ва Богдановка аҳоли яшаш пунктлари жанг қилиб олингани ҳақида хабар берган, ЛХР Луганская станицаси ва Счастье посёлкаси олинганини маълум қилди.
РФ мудофаа вазирлигининг хабар қилишича, ДХР ва ЛХР халқ милициясининг «қарши ҳужуми» рус қўшинлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Украинанинг йўқотишлари
Украина Бош штаби олти шаҳардаги аэропортлар ракеталар билан бомбардимон қилинганини хабар қилди: Бориспол, Озерний, Кульбакин (Миколайив), Чугуйив, Краматорск, Чорнобайивка (Херсон).
Украина ФВВ мамлакатдаги ҳарбий инфратузилмаларга берилган зарбалар ҳақида оператив маълумотларни тақдим этди:
- Хмельницкая области: Староконстантинов шаҳридаги ҳарбий омборхона артиллерия ҳужумлари оқибатида ёниб кетган.
- Днепропетровская области: Краснополье ва Марганец шаҳарларида ёнғинлар, ҳарбий омборхоналар ўққа тутилган.
- Винницкая области: Тульчин шаҳри ва Бохан қишлоғи - ҳарбий қисмларда ёнғин.
- Луцк — телеминора портлатилди.
- Киев области: шаҳар атрофидаги ҳарбий қисмда ёнғин.
Украина чегара хизмати россиялик ҳарбийлар Беларусь қўшинлари кўмагида бешта областга - Луганск, Сумск, Харьков, Чернигов ва Житомирга, шунингдек, Қрим томондан қуруқлик орқали бостириб кирганини маълум қилди.
Украина армияси Бош штаби ҳарбий ҳаракатлар чоғида «босқинчиларнинг олти самолёти ва бир вертолёти йўқ қилингани» ҳақида маълум қилди. Россия ҳарбийлари ОАВда Украина ҳудудида Россия самолётлари уриб туширилгани тўғрисида тарқалган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.
Кейинроқ Украина қуролли кучлари Бош штаби Харкив яқинида русларнинг тўртта танки яксон этилганини маълум қилди.
Йўқотишлар
Украина ИИВ тинч аҳоли орасидаги дастлабки йўқотишлар ва яраланганлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.
Одесса областида ракеталар ҳужуми оқибатида олти киши ҳалок бўлиб, етти киши яраланган. Яна 19 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Миколайив областида бир киши яраланган, Херсон областида 17 ёшли ўсмир қурбон бўлган. Чугуйивдаги аҳоли турар жойларидан бирига ракета келиб тушиши оқибатида чақалоқ ҳалок бўлган.
Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченконинг маълум қилишича, Мариупол шаҳридаги отишмалар оқибатида бир киши ҳалок бўлган, икки киши яраланган. «Интерфакс—Украина» Херсондаги «Преображенка» аҳоли пунктида бир чегарачи ҳалок бўлганини хабар қилди.
Шунингдек, Зеленскийнинг матбуот котиби Украина армиясининг 40 дан ортиқ ҳарбий хизматчиси Россия ҳужумлари қурбонига айланганини тасдиқлади.
Киев шаҳрида эрта тонгдан фуқаро мудофааси тизими ишга туширилиб, ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантирувчи сиреналар янграй бошлади.
Шаҳар метроси бомбапаногоҳга айланган, киевликлар ракета ҳужумларидан метро бекатларига кириб яширинмоқда.
Украина осмони парвозлар учун ёпилган
Россияликлар босқинидан кейин Украина ҳаво кенгликлари парвозлар учун ёпилди. Росавиация ҳам Россия жанубидаги 14 аэропорт фаолияти 2 мартга қадар тўхтатилганини маълум қилди.
Росавиация маълум қилишича, қуйидаги аэропортлар ишламайди: Ростов (Платов), Краснодар (Пашковский), Анапа (Витязево), Геленджик, Элиста, Ставрополь, Белгород, Брянск, Орел, Курск, Воронеж, Симферополь, Волгоград ва Астрахан.
Айни вақтда самолётлар Украинани айланиб уча бошлаган.
Намангандан Краснодарга учган Uzbekistan Airways самолёти Ростовдаги ҳаво майдони йўловчи самолётлар қатнови учун ёпилиши муносабати билан Ўзбекистонга қайтди. Аммо ёнилғи етарли бўлмагани боис самолёт Урганчга қўндирилган. Айни вақтга келиб бу самолёт Урганчдан Наманганга учиб кетган.
Шунингдек, Тошкентдан Киевга учган Sky Up Airlines авиакомпанияси рейси Молдовага йўналтирилган.
Uzbekistan Airways 27 февраль ва 2 март куни Киевга режалаштирилган парвозларни бекор қилди.
Зеленскийнинг мурожаатлари
Украина президенти Володимир Зеленский ҳар соатда видеомурожаат қилмоқда. У дастлаб бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий ҳолат режимини эълон қилди. У мамлакат фуқароларини ваҳимага берилмасликка ва уйда қолишга, шунингдек, имкон қадар ҳарбийларга ёрдам кўрсатишга чақирди.
«Бугун сиздан фақат хотиржамлик зарур, имкон қадар уйда қолинг. Биз ишлаяпмиз, армия ишлаяпти, бутун хавфсизлик сектори ва мудофаа ишламоқда. Мен, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши, вазирлар маҳкамаси доимо сиз билан алоқада бўламиз. Тез орада яна алоқага чиқаман. Хавотирга тушманг, биз кучлимиз, биз барчани енгамиз. Чунки биз — Украинамиз. Украинага шарафлар бўлсин», деди у.
У кейинги мурожаатида дунё етакчиларини «Путинга қарши коалиция» тузишга, Россияга қарши санкцияларни зудлик билан жорий этишга ва Украинага молиявий ёрдам кўрсатишга чақирди.
«Бугун Россия Украинага бостириб киришни бошлади. Путин Украина билан, бутун дунёдаги демократия билан уруш бошлади. У менинг давлатимни йўқ қилмоқчи. У бизнинг давлатимизни, биз қурган ва ҳаётимиз мазмуни бўлган барчасини йўқ қилмоқчи.
Мен АҚШ президенти Жо Байден, Германия канцлери Олаф Шолц, Европа кенгаши раҳбари Чарльз Мишел, Польша президенти Анжей Дуда ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон билан музокаралар ўтказяпман», деди Украина президенти.
У барча давлатларга ҳаво ҳудудини ёпишга чақириб, дунё Россияни тинчликка мажбурлаши кераклигини таъкидлади.
Украина Россия билан дипломатик алоқаларни узди
Зеленский навбатдаги видеомурожаатида Украина Россия билан дипломатик муносабатларни узганини маълум қилди.
«Россия эрта тонгда бизнинг давлатимизга қабиҳлик билан ҳужум қилди. Худди фашистлар Германияси Иккинчи жаҳон урушида қилганидек», деди Зеленский.
Украина президенти барча фуқароларни қон донори бўлишга чақирди. Ҳарбийлар орасида ярадорлар борлиги маълум қилинди: «Биз барчага қурол тарқатишни бошладик ва уларни ўз юртимизни ҳимоя қилиш учун ҳаммага берамиз».
Шунингдек, у Россияда виждонини йўқотмаганларнинг барчаси кўчаларга чиқиб, бу урушга қарши норозилик билдириши кераклигини айтди.
Россия фонд бозорлари қуламоқда
Мосбиржа индекс 11 фоиздан ортиққа қулагач, савдоларни тўхтатган. Евро курси 100 рублдан ошган, доллар курси 90 рублга яқинлашган.
2014 йилда, Қрим воқеалари вақтида ҳам рубль бу даражада қадрсизланмаганди.
Марказий банк агрессиянинг монетар оқибатларини юмшатиш ва азиятни барқарорлаштириш учун валюта бозорида мисли кўрилмаган интервенциялар қўллашга мажбур бўлмоқда. Савдолар тикланганидан кейин ҳам Мосбиржа индекси қулашда давом этди - қулаш 40 фоиздан ошди.
Brent нархи 2014 йил сентябрь ойидан бери илк марта бир баррель учун 103 долларгача кўтарилди. Европада газ алмашинуви нархи 41 фоизга ошди. Бу газ фьючерслари учун 190 еврога яқинлашган ўтган декабрдан бери энг юқори нархдир.
Мавзуга оид
10:30
АҚШ Украинага 425 млн долларлик янги ёрдам пакетини тақдим этмоқда
08:40
Зеленский: Украина Курск АЭСни эгаллаб олиши мумкин эди
19:38 / 01.11.2024
Украинани қўллаш ёки сотқинлик — АҚШдаги сайловлардан нима кутиш мумкин?
18:09 / 01.11.2024