Ўзбекистон | 13:28 / 01.03.2022
2290
2 дақиқада ўқилади

Урганч шаҳар ҳокимининг 35 та қарори ноқонуний деб топилди

Фуқароларга ер участкалари ажратиб бериш тўғрисидаги қарорлар ҳокимлик томонидан ноқонуний равишда бекор қилиб, ер майдонлари давлат захирасига қайтарилган.

Урганч шаҳар адлия бўлими томонидан «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори талабларига Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан риоя қилиниши бўйича мониторинг ўтказилган.

Жумладан, ҳоким қарорлари «E-qaror» электрон тизими орқали мониторинг қилинганда, 35 фуқарога ер участкалари ажратиб бериш тўғрисидаги қарорлар бекор қилиниб, ер майдонлари давлат захирасига қайтарилгани, бу билан фармон талабларига риоя қилинмагани аниқланган.

Адлия бўлими хабарида қайси ҳоким, қайси даврда қонунбузилишига йўл қўйганига аниқлик киритилмаган. 

Мониторинг натижасига кўра Урганч туманлараро маъмурий судига ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида даъво аризалари киритилган.

Суд томонидан шаҳар ҳокимининг ер участкаларини давлат захирасига қайтариш тўғрисидаги 35 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Бу билан қонунга зид бўлган қарорларнинг бекор қилиниши таъминланган.

Эслатиб ўтиш жоиз, фармонда 2021 йил 1 августдан туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Урганч шаҳрига 2020 йил декабрь ойидан бери Ойбек Холбоев ҳокимлик қилади.

Мавзуга оид