Бухорода 49 ёшли фуқаро юклагични олиб қочди
Олиб қочилган «HGMA» русумли юклагич Жанубий Корея фуқаросига тегишли бўлган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, вилоят ИИБга 50 ёшли Н.А. мурожаат қилиб, 4 апрел куни Шейхон кўчасидан ўтувчи йўл четида қаровсиз қолдирилган, “SUN CHANG TRADE” МЧЖ раҳбари, 62 ёшли К.М.га тегишли «HGMA» русумли олд ғилдиракли юклагични номаълум шахс ҳайдаб олиб кетганини билдирган.
Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Бухоро шаҳрида яшовчи 49 ёшли Б.И. содир этгани аниқланган. У юклагични кейинчалик сотиш мақсадида Когон шаҳрида яшовчи поччасининг ҳовлисига олиб бориб қўйганини билдирган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.