Ўзбекистон | 15:49 / 13.04.2022
21921
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилар ЙПХ ходимининг дислокация кўчирмаси билан жойида танишиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди

Ҳукумат қарорига асосан, ҳайдовчиларнинг ЙПХ ходими дислокацияси кўчирмаси билан шу жойнинг ўзида танишиш ҳуқуқи бекор қилинди. Эндиликда ЙПХ ходимлари автомобилни ҳужжат текшириш учун тўхтатганидан кейин аниқланган барча турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича чора кўради.

Фото: KUN.UZ

Ҳукуматнинг 12 апрелдаги қарори билан, “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Адлия вазирлигининг “Huquqiy axborot” каналида маълум қилинишича, ҳайдовчи ЙПХ ходимининг дислокацияси кўчирмаси билан ўша жойнинг ўзида танишиши мумкинлигига оид норма низомдан чиқариб ташланди.

Бунда дислокация билан танишиш учун саф бўлимига мурожаат этиш орқали ёзма маълумот олишни талаб қилиш мумкин.

Шунингдек, эндиликда ЙПХ ходими транспортни ҳужжатларни текшириш учун тўхтатганда, текшириш жараёнида аниқланган барча ҳуқуқбузарликлар бўйича чора кўради.

Илгари фақат шу ҳужжатларни текшириш жараёнида аниқланган қоидалар бузилиши бўйича чора кўрилган.

Низомга ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби ҳам киритилди.

Унга кўра, мастлик ҳолати алкотестер ёрдамида ҳодиса жойида аниқланиши мумкин. Текширув камида 2 та холис иштирокида амалга оширилади (кузатув камерасидан (бодикамера) фойдаланилган ҳоллар мустасно).

Текширувда этанол буғ 0,135 миллиграмм ва ундан кўп бўлганида ҳайдовчига нисбатан баённома расмийлаштирилади.

Транспортларнинг туси ўзгартирилган (тонировка) ойналари меъёрларига жавоб беришига аниқлик киритиш учун тауметр мосламасидан фойдаланилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЙПХ ходимларининг фаолиятини тасвирга тушириб, уларнинг розилигисиз интернетга тарқатишни тақиқлаш таклиф қилинган, Ички ишлар вазирлигининг бу ташаббуси танқидларга сабаб бўлганди.

Мавзуга оид