Иқтисодиёт | 21:01 / 26.04.2022
55312
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларнинг ўртача иш ҳақи статистикаси эълон қилинди

2022 йил биринчи чорак якунлари бўйича ўртача номинал иш ҳақи 3,4 млн сўмни ташкил этди. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, маошлар ошгани ортидан ҳудудлар кесимида ҳам, тармоқлар кесимида ҳам тенгсизлик кучайиб бормоқда. Тиббиёт ходимлари ҳамда таълим соҳаси вакилларининг маоши эса ҳамон ўртача кўрсаткичдан ҳам паст даражада қолмоқда.

Фото: Kun.uz

2022 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 3 млн 426,8 минг сўмни ташкил этиб, (ўтган йилнинг январь-март ойларида 2 млн 876,4 минг сўм бўлган) 2021 йил мос даврига нисбатан ўсиш суръати 19,1 фоизни ташкил қилган. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълум қилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилик фаолиятида қайд этилган – 8,4 миллион сўм. Ахборот ва алоқа соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 6,5 миллион сўмга тенг бўлган бўлса, ташиш ва сақлаш соҳасида – 4,5 миллион сўм, саноат соҳасида – 4,4 млн сўм, қурилиш соҳасида – 4,1 млн сўм, савдо соҳасида – 3,5 млн сўм таълим соҳасида – 2,5 миллион сўм. Энг паст ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида қайд этилган – 2,3 миллион сўм.

Банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилик фаолиятида энг юқори ўртача иш ҳақи – Тошкент шаҳрида (10,7 миллион сўм), энг пасти Самарқанд вилоятида (5,5 миллион сўм) кузатилган.

Таълим соҳасида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида (3,7 миллион сўм), энг пасти Қашқадарё вилоятида (2,2 миллион сўм) қайд этилган. Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, фақатгина Тошкент шаҳрида таълим соҳасида меҳнат қиладиган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи республика бўйича соҳалар кесимида шаклланган ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган. Бошқа ҳудудларда бу кўрсаткич анчайин паст даражада.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳам энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида (2,6 миллион сўм), энг пасти – Қашқадарё вилоятида (1,9 миллион сўм). Республика бўйича барча ҳудудларда ўртача кўрсаткичдан паст ҳолат кузатилган.

“Тиббиёт ходимлари ҳамда таълим соҳаси вакиллари нисбий камбағаллашишда давом этмоқда”

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, жорий йилнинг биринчи чорагида таълим соҳасида банд бўлган ходимларнинг ўртача маоши республикадаги ўртача маошнинг 73,5 фоизини ташкил этган, ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 78,1 фоиз бўлган. Тиббиёт ходимларининг ўртача маоши эса республикадаги ўртача маошнинг 67,6 фоизини ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 71,2 фоизни ташкил қилган.

“Кўриб турганингиздек, таълим ва тиббиёт соҳасида банд бўлган ходимларнинг ўртача даромади республикадаги ўртача даромадга яқинлашаётгани йўқ, балки ундан узоқлашиб бормоқда. Бу тенденция кеча ёки бугун бошланиб қолгани йўқ, балки йилдан йилга кучайиб бормоқда. Масалан, 2020 йилнинг январь-март ойларида таълим соҳаси вакилларининг ўртача иш ҳақи республикадаги ўртача иш ҳақига нисбатан 80,9 фоизни ташкил этган бўлса, тиббиёт соҳаси вакиллари учун бу кўрсаткич 70,1 фоизни ташкил этган (2021 йилнинг биринчи чорагида ҳамда 2020 йилда тиббиёт соҳаси вакилларининг ўртача иш ҳақи республикадаги ўртача иш ҳақидан юқорироқ улушга эга бўлгани асосан пандемия натижасида баъзи тиббиёт ходимларига юқорироқ маош тўлангани билан изоҳланади).

Таълим ва тиббиёт соҳаси вакилларининг жамиятдаги аҳамияти ҳақида жудаям кўп гапирилмоқда. Уларнинг маошлари оширилиши зарурати ҳам кўп таъкидланади. Лекин амалда таълим ва тиббиёт соҳаси вакиллари бошқа соҳа вакиллари билан таққослаганда камбағаллашиб бормоқда. Уларнинг жамиятдаги мавқейини бу тарзда йўқотиб бориши узоқ муддатли ўсишга ҳам салбий таъсир қилиши турган гап”, дейди иқтисодчи.

“Тенгсизлик кучайиб бормоқда”

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, ўртача ойлик иш ҳақи бўйича тақдим қилинган статистик маълумотларни шартли равишдагина қабул қилиш мумкин.

“Яна қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектларидаги иш ҳақи статистикага қўшилмаган. Маълумот учун, қишлоқ хўжалигида жами иш билан банд аҳолининг 25,9 фоизи меҳнат қилади. Кичик тадбиркорлик субъектларининг иш билан бандликдаги умумий улуши статистикаси эса очиқланмай келади. Демак, камида ўртача иш ҳақи бўйича мазкур статистика тўлақонли эмас”, дейди у.

Иқтисодчининг қўшимча қилишича, маошлар ошгани ортидан, ҳудудлар кесимида ҳам, тармоқлар кесимида ҳам тенгсизлик кучайиб бормоқда. Масалан, ўтган йилнинг шу даврида энг бой ва энг камбағал ҳудудлардаги ўртача иш ҳақининг фарқи 1,86 баробар бўлган бўлса (Тошкент/Наманган), жорий йил бу кўрсаткич 2 баробарга етган (Тошкент/Сурхондарё).

Банк ва молия соҳасидаги ўртача маошлар билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўртача маошлар ўртасидаги фарқ ўтган йили 3,15 баробар бўлган бўлса, жорий йил бу фарқ 3,62 баробаргача катталашган.

Тенгсизлик тармоқлар ичида ҳам кенгайган. Хусусан, саноат соҳасида ҳудудлар ўртасидаги фарқ (Навоий/Жиззах) 2,58 баробар, қурилишда 3,87 баробар (Тошкент/Сирдарё), савдода 2,89 баробарни (Тошкент/Фарғона) ташкил этмоқда.

Отабек Бакиров тенгсизлик кучаяётганига сабаб сифатида бир нечта омилни санаб ўтди.

Биринчи сигнал шуки, ўртача маошлар ошиши асосан юқори даромад сегментлари ҳисобига рўй бермоқда. Қуйи даромад сегментларида иш ҳақини оширишга солиқ ва маъмурий рағбат йўқ.

Иккинчи сигнал, ҳудудларда, айниқса қонунлар амал қилмайдиган депрессив вилоятларда бизнесда иш ҳақини оширишга ва юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратишга рағбат йўқ, лекин яширин иқтисодиёт орқали меҳнатга ҳақ тўлашга мотивлар кундан кунга кучайиб бормоқда.

Учинчи сигнал, гарчи кўп бора декларация қилинганига қарамай, таълим ва соғлиқни сақлашда ўртача маошлар индексацияси ҳатто республика бўйича ўртача маошлар ўсишидан ортда қолмоқда. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси меҳнаткашларининг ҳудудларда банд аҳоли орасида улуши юқорилиги инобатга олинса, Тошкент ва ҳудудлар орасидаги тенгсизлик кучайиб бораётганидан ҳайратланмаса ҳам бўлади.

Тўртинчи – асосий сигнал. Нормал меҳнат бозори мавжудлигида меҳнатга ҳақ тўлашда каррасига фарқ юзага келган ҳолатларда бизнес ўз жараёнларини меҳнат ҳақи арзонроққа тушадиган ҳудудларга кўчириш ҳақида ўйлай бошлайди. Нега бу Ўзбекистонда рўй бермайди? Чунки Ўзбекистонда Тошкент ҳалқа йўлидан ташқарига чиқдингми, қонун йўқ. Суд ҳам ҳоким, полиция ҳам ҳоким, ОАВ ҳам ҳоким, прокурор ҳам ҳоким. Шунинг учун, масалан иш ҳақи харажатларини оптималлаштириш учун бизнесини Тошкентдан маошлар каррасига паст Андижон ёки Наманганга кўчирган тадбиркор харажатларини қисқартириш ўрнига бизнесидан ажралиб қолиши эҳтимоли турган гап”, дея хулоса қилади иқтисодчи.

Маълумот учун, Ўзбекистонда охирги марта 2021 йилнинг 1 сентябрида иш ҳақи, пенсия миқдори ва стипендиялар оширилганди.

Кейинги 5 йиллик тараққиёт стратегиясида малакали ўқитувчиларнинг ойлигини босқичма-босқич 1000 доллар эквивалентига етказиш режа қилинган.

Мавзуга оид