Украинага келган Анжелина Жоли, култепага айланган «Азовстал» ҳудуди. Уруш суратлари
30 апрел куни, урушнинг 66-кунида Россиядаги ТАСС ва РИА Новости агентликлари Россия армияси қамалида қолаётган Мариуполдаги «Азовстал» заводидан тинч аҳоли вакиллари эвакуацияси амалга оширилгани ҳақида хабар берди. Шу куни Владимир Путин ДХР, ЛХР ва «Украинанинг озод этилган ҳудудлари»даги Улуғ ватан уруши фахрийларига 10 минг рубл (135 доллар атрофида) миқдорида бир марталик тўлов амалга ошириш тўғрисида фармонини имзолади. Айнан қайси чегаралар назарда тутилганига аниқлик киритилмаган. Киев области полицияси Буча яқинида янги оммавий қабр топилгани ҳақида хабар берди. ОАВнинг ёзишича, Рим папаси Франциск Мариуполдаги тинч аҳоли вакилларини эвакуация қилишни сўраб, Путинга уч марта мурожаат қилган. Уч сафар ҳам унга рад жавоби берилган.
Украинадаги урушнинг 66-кунида рўй берган асосий маълумотлар
- Украина бош штаби Харков атрофидаги уч қишлоқ озод этилгани ҳақида хабар берди. Шанба куни фронтнинг бошқа йўналишларидаги ҳаракатлар ҳақида хабар берилмаган.
- Россиялик ҳарбийлар Одесса аэропортига ракета зарбалари йўллаган. Ҳужум оқибатида аэропортнинг узоқ вақт давомида қурилган ва бир йил олдин фойдаланишга топширилган учиш-қўниш йўлаги бутунлай ишдан чиққан.
- Шанба куни қамалдаги Мариупол шаҳридаги «Азовстал» заводи ҳудудидан 20 нафар аёллар ва болалар эвакуация қилинди - бу ҳақда «Азов» полки командири ўринбосари Святослав Паламар видеомурожаатида маълум қилди. Ундан аввалроқ РИА Новости агентлиги «Азовстал» ҳудудидан тинч аҳоли вакиллари бўлган 25 киши, жумладан олти нафар бола олиб чиқилгани ҳақида хабар берганди. Паламарнинг сўзларига кўра, шу куни соат 11 дан Мариуполда ўт очишни тўхтатиш режими амал қилган.
- Украина вице-премьери Ирина Верешчук асирларнинг навбатдаги алмашинуви ҳақида хабар берди, бу орқали 14 нафар украиналик уйига қайтарилган: етти ҳарбий ва тинч аҳоли вакилларининг етти нафар вакили, жумладан ҳомиладор аёл.
- Украина қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россияни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан бир неча юз минг тонна буғдойни ўғирлаб олиб кетишда айблади.
- Белгород области губернатори ҳудуд осмонида украинлар ҳарбий самолёти қайд этилганини хабар қилди. Самолёт ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали ўққа тутилиши натижасида қишлоқлардан бирининг ҳудудига икки снаряд тушган.
- Лвовга Анжелина Жоли келди. БМТ элчиси бўлган актриса вокзалда Донбассдан келган қочқинлар билан учрашди, шунингдек кўнгиллилар ва шифокорлар билан учрашди. Унинг ташрифи вақтида Лвовда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи тревога янгради.
Донбасс шимоли
Лвов
Запорожье
Харков
Чернигов
Киев области
Мариупол
Мавзуга оид
14:51 / 16.09.2024
Россия қўшини Харкивни бомбалашда давом этмоқда — фотосуратлар
15:39 / 02.09.2024
Донбассда аҳоли эвакуация қилинмоқда, Курскда минглаб кишилар лагерларда яшамоқда. Уруш суратлари
14:25 / 18.08.2024
Курск областидан қайтган украинлар ва Суджадан илк кадрлар. Уруш суратлари
18:25 / 16.08.2024