Пиёда юрганларни мукофотлаш ими-жимида бекор қилиб юборилгани маълум бўлди
Кунига 10 минг қадам юрган фуқароларга пул тўлаш 1 йил ҳам давом этмасдан, январ ойида тўхтатиб қўйилган эди. Ўшанда бунинг ўрнига янгича тартиб ўрнатилиши ваъда қилинганди. Маълум бўлишича, янги тартиб жорий этилмасдан, пиёда юрганларни рағбатлантириш лойиҳаси буткул ёпиб юборилган. Масъуллар бу ҳақда 50 кундан бери сукут сақлаб келмоқда.
Пиёда юрган инсонларни моддий рағбатлантиришга оид президент фармони банди бундан бир ярим ой олдин – 6 апрелдаги ПФ-98-сонли президент фармони билан бекор қилинган. Бу ҳақда ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев ўз Telegram-каналида маълум қилди.
“Ана сюприз-у, мана сюрприиииз. Ана кир ювадиғон мошина-ю, мана тилбизооор.
Юз минглаб фуқароларга тааллуқли лойиҳа бекор қилинар экан-у, лекин 1 ярим ойдан буён бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги лом-мим деб изоҳ бермас экан, қойил, мана очиқлигу, ана очиқлик. Ёки изоҳ берилди-ю, мен кўрмай қолдимми? Унда олдиндан узр”, – дея ёзган блогер.
Кунига 10 минг қадамдан ортиқ юрган фуқароларга 3 минг сўмдан тўлаш 1 йил ҳам давом этгани йўқ. 2021 йил март ойидан кучга кирган тартиб 2022 йил январида тўхтатиб қўйилди. Шу бир неча ой ичида ҳам махсус ташкил этилган 1hls.uz платформаси ва унинг мобил иловаси ишлашида кўплаб муаммолар кузатилди.
Январ ойида бу тартиб бекор қилиниб, ўрнига бошқача – бир кунда камида 10 минг қадам юрган фуқаролар лотерея иштирокчисига айланадиган тартиб ўрнатилиши айтилганди. Бунда ҳар ҳафта охирида жонли эфирда лотерея ўтказилиб, бир нафар ғолибга 100 млн сўм ва яна минг кишига велосипед берилиши ваъда қилинганди.
Орадан 3 ой ўтар-ўтмас, президент фармонига яна бир марта ўзгариш киритилиб, энди пиёда юрганларни рағбатлантириш тизими бутунлай чиқариб ташланган.
“Фақат мени бир нарсага сира ақлим етмаяпти. Бу тизимни бекор қилишнинг жўяли ва асосланган конкрет сабаби нима? Бунақа таклифни ишлаб чиққан ва юқори раҳбариятни ишонтира олган Спортни ривожлантириш вазирлигининг мақсади нима бўлган ўзи?” дея савол қўйган Хушнудбек Худойбердиев.
Блогер иккита сабабни тахмин қилган: ё бюджетда пул етмай қолган, ёки янги ташкил этилган Спортни ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти “бунақа тизим учун бошини қотириб, ўзини қийнагиси келмаган ва тинчгина уни бутунлай бекор қилиб қўя қолишни афзал билган”. Ҳуқуқшунос ҳар иккала сабабни ҳам уятли деб таърифлаган.
Davletovuz Telegram-канали муаллифи пиёда юргани учун ҳисобланган 177 минг сўм пул мукофоти тўланмай қолганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили ноябр ойида аҳолини пиёда юришга пул тўлаб рағбатлантиришни давом эттириш кераклигини айтганди.
“Келгуси йилда тарғибот ишларини кучайтириш ва платформадан фойдаланувчилар кўламини янада кенгайтиришга қўшимча 60 миллиард сўм ажратилсин. Қайси давлатда бор – юрганга пул бериш? Лекин мен шунга розиман”, деганди давлат раҳбари.
Ўшанда президент айтгандики, агар 40 ёшдан ошганлар кунига 7-8 минг қадам юрса, юрак-қон томир касалликларига чалиниш 20 фоизга камайиши нуфузли халқаро илмий ташкилотлар томонидан исботланган.
Мирзиёев икки ой олдин тиббиётчилар билан учрашганида Ўзбекистон аҳолисининг 75 фоизида ортиқча вазн борлигини таъкидлаганди.
Мавзуга оид
20:43 / 18.03.2022
Аҳолимизнинг 75 фоизида ортиқча вазн борлиги ва қон босими юқори экани барчамизни ўйлантириши керак — президент
22:12 / 15.01.2022
Кунига 10 минг қадам юрганларга 3 минг сўмдан тўлаш тўхтатилади
18:44 / 09.11.2021
“Ҳозир сарфланган 1 сўм эртага 100 долларлик харажатнинг олдини олади” — Шавкат Мирзиёев соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳақида
08:07 / 09.11.2021