Жаҳон | 21:58 / 30.05.2022
42191
6 дақиқада ўқилади

Россия ҳарбийлари Северодонецк ичкарисига ҳаракатланмоқда: бу ҳақда нималар маълум?

Россия қўшини Северодонецкнинг шимоли-шарқи ва жануби-шарқидаги ҳудудларда мустаҳкам ўрнашиб, марказ томон интилмоқда. Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай шаҳар кўчаларида жанглар бошланиб кетганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, шаҳар ўққа тутилиши оқибатида тинч аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлиб, беш киши яраланган.

Фото: Getty Images

«Душман қўшинларини кучайтириш учун муайян районларга РФ ҳудудидан ўқ-дори ва техникалар ташлади», дейилади Украина қуролли кучлари Бош штаби маълумотномасида.

Северодонецк ва ундан жануби-ғарбда жойлашган Лисичанск шаҳри агломерацияни ташкил этади. Бу Луганск областида Украина назоратида қолган сўнгги йирик аҳоли пункти ҳисобланади, Россиянинг уни эгаллашга интилиши нафақат стратегик, балки рамзий аҳамиятга ҳам эга.

Северодонецк район маъмурияти раҳбари Роман Власенко россиялик ҳарбийлар шаҳарга икки йўналишдан кира бошлаганини маълум қилган.

«Душман икки йўналиш бўйлаб, Новоайдар ва Старобельск орқали киришга муваффақ бўлди. Улар 100 метр ичкарилашган. Бундан ичкарига ўта олишмаган, бизнинг йигитлар мудофаани ушлаб туришибди», деган у.

Власенконинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар қўшни Лисичанск ҳудудига ҳам киришга уринмоқда, аммо улар ҳозирча атрофдаги қишлоқларни эгаллаш билан кифояланмоқда.

Украина мудофаа вазирлиги эндиликда россияликлар Словянскка ҳужумни тиклаш учун қайта гуруҳланиши, шу билан бир вақтда Северодонецкни қуршаб олиш ҳаракатларини давом эттиришини маълум қилган.

Россия армиясида Северодонецкка юриш қилиш имкони бир неча ҳафта давом этган жанглардан кейин Луганск областидаги Попасная шаҳридан 30 км масофада Украина армияси мудофааси ёриб ўтилиши туфайли юзага келди.

Россиядаги манбалар украин бўлинмалари Северодонецкдан Лисичанск томон чекинаётгани ҳақида хабар тарқатган, аммо бу маълумот расман тасдиқланмади. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 28 май куниёқ Северодонецк Россия назоратига ўтгани ҳақида ёзганди. Гайдай украин қўшини шаҳарни ўз қўлида сақлаб қолаётганини маълум қилган.

«29 май куни Россия ҳарбийлари қуруқлик орқали Северодонецкни штурм қилишда давом этишди, лекин биз қандайдир муваффақиятга эришилганини тасдиқлай олмаймиз. Украина Бош штаби россиялик ҳарбийлар Северодонецк ва Лисичанскни қуршаб олиб, бу ҳудудни Украинанинг асосий қисмидан узиб қўйиш ниятида эканини маълум қилди. Бундан ташқари, россиялик ҳарбийлар Боброво ва Устиновкидан шимолга, Северодонецк томонга юришга ҳаракат қилмоқда», дейилади Американинг Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) маълумотида. 

Шу кунларда икки томон ҳам Северодонецкка қўшимча кучлар юборди. Фото: Getty Images

Америкалик ҳарбий экспертларнинг ҳисоблашича, россиялик ҳарбийларнинг шаҳар кўчаларидаги интенсив жанглар шароитида илгарилаши катта эҳтимол билан жуда секин кечади. «Россия қўшинлари бир вақтнинг ўзида бир неча операцияларни олиб бориши эҳтимоли кам, катта эҳтимол билан кучларни яқин кунларда Северодонекцда жамлаш учун Изюм жануби-шарқида ва Лимандан ғарбда юриш қилишдан воз кечилади», дейилади ISW ҳисоботида.

Бу вақтда Россия қисмлари Украина қуролли кучлари таъминотини узиб қўйиш учун Лисичанск - Бахмут трассасини эгаллаш ҳаракатларини тўхтатмаяпти. «Лисичанск - Бахмут трассасидан фойдаланиш хавфли, эвакуация ва гуманитар юкларни ташишда нисбатан хавфсиз вариантлардан фойдаланамиз», деган Луганск маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай.

Аввалроқ у украин қўшини кичик қарши ҳужум уюштириб, россияликлар гуруҳини Попаснаядан шимолдаги Тошковка қишлоғидан чекинтиргани, бу эса россияликларнинг ушбу ҳудуддаги операцияларини режалаштиришга таъсир қилиши мумкинлигини айтганди.

Лиман ҳам қўлдан кетган

27 май куни ДХР кучлари Луганскдаги яна бир муҳим шаҳар Лиманни эгаллагани маълум қилинди.

Украина мудофаа вазирлиги вакили Алексей Мотузяник шаҳарнинг айрим қисмлари ҳамон украин кучлари назоратида қолаётгани ва жанглар давом этаётганини билдирган. «Украина ҳимоячилари рақибнинг бизнинг кучларимизни Лиманнинг шимоли-ғарбий ва шимоли-шарқий қисмидан сиқиб чиқаришга бўлган уринишларига ва Словянскка ҳужум бошлашига тўсқинлик қилмоқда», дея ёзган Мотузяник.

Шарҳловчилар Лиманнинг эгалланиши - Россия қўмондонлиги учун сўнгги кунлардаги иккинчи катта муваффақият бўлганини қайд этишган: аввалроқ Сведлодарск назорат остига ўтганди, украин ҳарбий экспертларига кўра, украин ҳарбийлари у ердан қулайроқ мудофаа позициясига ўтишган.

Лиманни йирик шаҳар деб айтиш қийин бўлса-да (уруш бошлангунига қадар бу ерда 20 минг киши яшаган), у орқали шарқдан мамлакат ғарбига муҳим автомагистрал ўтади, унинг тўсиб қўйилиши атрофдаги бир қанча шаҳар ва посёлкалар таъминот каналидан узилиб қолишини англатади.

Бундан ташқари, Лиманнинг эгалланиши РФ армиясини йирик транспорт ва стратегик марказ бўлмиш Словянскка яқинлаштиради - бу шаҳар Лимандан 20 километр масофада жойлашган.

Бу шаҳардан туриб Северодонецкка ҳам таҳдид солиш мумкин. Украина армияси бош штабининг 30 майдаги сўнгги ахборотига кўра, Россия қўшини Лиман атрофида қайта гуруҳланиб, Шимолий Донни кечиб ўтиш имкониятларини қидириб, разведка ўтказмоқда. Агар дарё кечиб ўтилса ва жануб томон муваффақиятли юриш бошланса, Северодонецкдаги гуруҳ қуршовда қолади.

Мавзуга оид