Жамият | 12:22 / 06.06.2022
29053
2 дақиқада ўқилади

Тошкент-Термиз автомобил йўли бир неча соатга ёпилиб қолди

Халқаро аҳамиятдаги йўлнинг Сирдарё туманидан ўтган қисми қарийб уч соат давомида ёпилиб қолган.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Бахт шаҳрига етмасдан минглаб машина тиқилинчда қолиб кетгани айтилган хабарлар тарқалди. ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарлар юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2022 йил 6 июн соат 00:15 ларда М-34 автомобил йўлининг Сирдарё тумани “Исломобод” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 87-88-километрлари оралиғидаги таъмирланаётган кўприк устида Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи Х.С. бошқарувида бўлган шахсий Mercedes Benz юк автомобил носозлиги туфайли мажбурий тарзда тўхтаб қолган.

Оқибатда йўл ёпилиб Термиз-Тошкент йўналишда сунъий тирбандлик содир бўлган.

Шундан сўнг ЙПХ ходимлари томонидан тирбандликни бартараф этиш мақсадида транспортлар ҳаракати Сайхунобод туманидан ўтувчи маҳаллий ички йўлдан ташкил қилинган.

Қайд этилишича, М-34 йўлининг 88-километрида юзага келган тирбандлик соат 2:45 ларда бартараф этилиб, автомашиналар қатнови тикланган.

«Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳудудда 2022 йил 13 май кунидан бошлаб таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Мавзуга оид