Ўзбекистон | 07:47 / 07.06.2022
10126
3 дақиқада ўқилади

Давлат ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти эълон қилинди 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг “Давлат ташкилотлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида” буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Getty Images

Услубиёт давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларда, шу жумладан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таркибий ва ҳудудий бўлинмалари зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш бўйича талабларни белгилаб беради ҳамда ташкилот тизимида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш учун ягона ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади.

Давлат ташкилотлари томонидан ўз фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

давлат ташкилоти фаолиятини ҳар томонлама таҳлил қилиш йўли билан коррупциявий хавф-хатарга энг кўп дуч келадиган давлат ташкилоти ходимларининг функциялари ва лавозимларини белгилаш;

коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича самарали профилактика чораларини ишлаб чиқиш.

Давлат ташкилотидаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш қуйидагилар ишлаб чиқилишини назарда тутади:

коррупциявий хавф-хатарлар харитаси;

коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур.

Давлат ташкилоти томонидан коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ҳар йили бир маротаба қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

коррупциявий хавф-хатарларни дастлабки баҳолаш зарурияти келиб чиққанда;

давлат ташкилоти фаолиятига доир қонун ҳужжатлари талаблари ўзгарганда;

функция ва тартиб-таомилларни амалга оширишга жиддий таъсир қиладиган тарзда давлат ташкилоти ички ҳужжатлари ўзгарганда;

давлат ташкилоти ташкилий тузилмасида, хавф-хатар мавжуд функцияларнинг хусусиятлари ўзгарганда ёки янги функциялар жорий этилганда.

Давлат ташкилоти томонидан коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш мунтазам равишда коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган соҳаларда қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

давлат ташкилоти ходими томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилганда;

календарь йилининг ҳар чораклик даврида жисмоний ва юридик шахслар томонидан кўп миқдорда шикоятлар чорак давомида энг кўп келиб тушганда.

Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш давлат ташкилотида таркибий бўлинма раҳбарларидан ташкил этиладиган ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Давлат ташкилотининг таркибида таркибий ва ҳудудий бўлинмалар бўлган тақдирда, уларнинг ҳар бирида алоҳида ишчи гуруҳлар тузилади ва уларнинг фаолияти махсус бўлинма томонидан мувофиқлаштирилади.

Давлат ташкилотлари услубиётга ҳамда халқаро стандартларга асосан ўз вазифа ва функцияларини уларни амалга оширишдаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашни амалга ошириш юзасидан ички ҳужжатларини ишлаб чиқиши ва уларни заруратга кўра мунтазам равишда янгилаб бориши мумкин.

Мавзуга оид