Ўзбекистон | 11:58 / 21.06.2022
22558
1 дақиқада ўқилади

Қумқўрғон туманига ИИВ вакили ҳоким бўлди

2019 йил сентябридан буён Қумқўрғон туманига раҳбарлик қилган Раҳматулло Ғаффоров лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини ИИВ ходими эгаллади.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Сурхондарё вилояти халқ депутатлари Қумқўрғон тумани кенгаши навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Вилоят ҳокими Тўра Боболов, маҳаллий кенгашлар депутатлари, вилоят, туман ҳокимлиги ва давлат, жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этган сессияда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичлари пастлигича қолаётгани, аҳоли турмуш шароитини оширишга етарли эътибор берилмаётгани танқид қилинди.

Сессияда Анвар Нормаматов туман ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Анвар Нормаматов 1981 йил 10 мартда Ангор туманида туғилган. 2003 йил Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги ҳуқуқшунос.

А.Нормаматов 2003-2021 йилларда Сурхондарё вилояти ички ишлар органларида турли лавозимларда фаолият юритган.

Анвар Нормаматов 2021 йилдан буён Термиз шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Маълумот учун, Қумқўрғон туманига 2019 йил сентябридан буён Раҳматулла Ғаффоров раҳбарлик қилиб келаётганди.

Мавзуга оид