Ўзбекистон | 13:05 / 06.07.2022
22318
2 дақиқада ўқилади

«Бундай ҳолатларга муросасизмиз» — Беҳзод Мусаев «массажчи» воқеаси ҳақида

Фото: Kun.uz

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев шифокорлар махсус кийимидаги шахс кичик ёшдаги болага жисмоний оғриқ бериб, уқалаш муолажаси амалга оширилаётгани акс этган видеолавҳа юзасидан муносабат билдирди. У ота-оналардан бундай шахсларга фарзандларининг тақдири ва саломатлигини ишониб топширмасликни сўраган.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган «уқалаш муолажаси» билан боғлиқ видеолавҳа барчамизда эътироз ва нафрат уйғотди. Чунки ушбу хатти-ҳаракатлар нафақат тиббиёт, балки инсонийлик туйғуларига ҳам ётдир.

Вазирликнинг бу каби ҳолатларга нисбатан позицияси аниқ ва қатъий: биз инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган, қадр-қиммати ва шаънини топтовчи ҳар қандай хатти-ҳаракатга муросасиз муносабатдамиз. 

Шунинг учун ҳам мазкур масала юзасидан ўрганиш натижалари ва хулосаларимизни, хусусан, уқалаш муолажасини бажарган шахснинг тегишли рухсатнома, сертификат, ижара шартномаси, физиотерапия йўналишида диплом ва малака тоифасига эга  бўлмай фаолият юритганига доир фактларни ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этамиз. Ишонамизки, тез орада ушбу ҳолат ўз ҳуқуқий баҳосини олади. 

Шу ўринда, ота-оналардан тегишли лицензия, рухсатнома ва малакага эга бўлмаган кимсаларга фарзандларининг тақдири ва саломатлигини ишониб топширмасликларини, агар бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга дуч келса, дарҳол вазирликнинг 71-241-10-67 ёки 71-241-82-40 телефон рақамларига мурожаат қилишларини сўраймиз», деган вазир. 

Аввалроқ интернетда шифокорлар махсус кийимидаги шахс кичик ёшдаги болага жисмоний оғриқ бериб, уқалаш муолажаси амалга оширилаётгани акс этган видеолавҳа тарқалганди. 

ССВ унинг физиотерапия йўналишида диплом ва малака тоифасига эга эмаслиги аниқланганини маълум қилганди.

Мавзуга оид