Ўзбекистон | 18:43 / 06.07.2022
55977
3 дақиқада ўқилади

Бухорода ҳам чақалоқ қийноққа солиниб массаж қилингани видеоси тарқалди

Видеодаги ҳолат хусусий клиникада содир бўлгани айтилмоқда.

Қарийб 4 дақиқалик “массаж сессияси”да тиббиёт ходими кийимидаги номаълум эркак кичик ёшдаги болани турли усуллар билан массаж қилгани, гўдак жисмоний оғриқларга дош беролмай йиғлагани кўринади.

Эркак томонидан қўлланаётган усуллар хавфли экани, тинимсиз йиғлаётган боланинг асаб тизими шикастланиши мумкинлиги рўйирост кўриниб турган бўлса-да, видео муаллифи (овозига қараганда аёл киши) бамайлихотир тасвирга олишда давом этган.

Кадр ортидаги овозлардан хонада яна бир ёки икки нафар аёл (ёки қиз) ҳам бўлганини эшитиш мумкин.

Куни кеча Тошкентда ҳам тиббиёт талабларига мутлақо мос бўлмаган худди шундай уқалаш муолажаси амалга оширилаётгани акс этган видеолавҳа интернетда тарқалган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги массажчининг тегишли на рухсатномаси, на сертификати, на физиотерапия йўналишидаги диплом ва на малака тоифаси йўқлигини маълум қилганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилинганини маълум қилган. Бироқ шундан кейин ҳуқуқ органларидан ҳозирча изоҳ бўлмади.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари интернетда тарқалган видеодаги массажчининг хатти-ҳаракатларини қоралашганди. Уқалаш муолажаси чоғида кичик ёшли беморда қўрқув бўлмаслиги, видеода акс этган ҳолатда эса бола ёнида яқини ўтирганига қарамай, тинимсиз йиғлаб, безовта бўлаётгани, бу унинг нафақат жисмоний саломатлиги, балки руҳиятига ҳам жуда ёмон таъсир кўрсатиши, бундай шафқатсиз массаждан сўнг пайлар жароҳатланиши ва ҳатто суяклар синиши кузатилиши мумкинлигини таъкидлашганди.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ҳам ҳолатга муносабат билдириб, ота-оналардан бундай шахсларга фарзандларининг тақдири ва саломатлигини ишониб топширмасликни сўраган.

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган “уқалаш муолажаси” билан боғлиқ видеолавҳа барчамизда эътироз ва нафрат уйғотди. Чунки ушбу хатти-ҳаракатлар нафақат тиббиёт, балки инсонийлик туйғуларига ҳам ётдир.

Вазирликнинг бу каби ҳолатларга нисбатан позицияси аниқ ва қатъий: биз инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган, қадр-қиммати ва шаънини топтовчи ҳар қандай хатти-ҳаракатга муросасиз муносабатдамиз.

[...] Ишонамизки, тез орада ушбу ҳолат ўз ҳуқуқий баҳосини олади”, деганди вазир.

Мусаев ота-оналардан тегишли лицензия, рухсатнома ва малакага эга бўлмаган кимсаларга фарзандларининг тақдири ва саломатлигини ишониб топширмасликни, агар бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга дуч келса, дарҳол вазирликнинг 71-241-10-67 ёки 71-241-82-40 телефон рақамларига хабар беришларини илтимос қилган.

Мавзуга оид