Иқтисодиёт | 20:52 / 15.07.2022
23502
5 дақиқада ўқилади

ЕИ Россияга қарши санкцияларнинг «олтин пакети»ни тайёрламоқда

Евроиттифоқ Украинадаги уруш сабабли Россияга қарши санкцияларнинг навбатдаги пакетини тайёрламоқда. Еттинчи пакетда Россия олтини импорти тақиқланади. Бундан ташқари, Евроиттифоқ санкцияларни айланиб ўтувчи йўлларни ёпади ва Россия озиқ-овқати импортига истисноларни аниқроқ баён этади. 

Фото: Reuters

«Россия Украинага қарши шафқатсиз урушни давом эттирмоқда ва шу боис бугун Кремлга қарши янги санкциялар киритиш, амалдагиларининг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш ва уларни 2023 йил январгача узайтиришни таклиф қиламиз. Тажовузкорлик Москвага қимматга тушиши шарт», деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

ЕИ мамлакатлари элчилари «олтин пакет »ни тасдиқлаш учун янаги ҳафта – ёзги таътиллар олдидан охирги иш ҳафтасида йиғилади.

Янги пакет аввалгиларига нисбатан камтарроқ. Reuters агентлигининг  Еврокомиссиядаги манбаларидан бири уни ҳатто еттинчи эмас, «олти яриминчи» пакет деб атади.

Венгриянинг қайсарлиги сабабли аввалги «нефт пакети» бўйича дарҳол келишиш имкони бўлмаганди. Натижада нефт эмбаргоси қисман бўлди ва бир неча ойларга ортга сурилди. 

Венгрия тинчланмади – жума куни ушбу мамлакат бош вазири Виктор Орбан маҳаллий радиода санкциялардан шикоят қилди. 

«Санкциялар Украинага ёрдам бермаяпти, Европа иқтисодиётига зарар келтиряпти ва агар шундай давом этадиган бўлса, санкциялар уни адо қилади. Бунга тоқат қилиб бўлмайди», дея Орбандан иқтибос келтиради Reuters.

Энергетика масалалари бўйича еврокомиссар Марош Шефчович эса ЕИ чидай олишига ишонмоқда. 

«Мен иттифоққа аъзо мамлакатларнинг бундай бирдамлигини ҳеч қачон кўрмаганман. Майли, бизга қийин бўлсин, аммо биз тўхтаб қолмаймиз, чунки ҳозир ўз эрки учун курашаётган украинларга қийинроқ», деди у.

Кескинлаштириш ва юмшатишлар

Санкцияларнинг еттинчи пакетида олтин импортига тақиқ билан бирга, ЕИ украинларни ўлдириш, йўқ қилиш ва уларнинг мамлакатини эгаллаб олишда Владимир Путиннинг шериклари деб ҳисоблайдиган шахслар рўйхати кенгайтирилади. 

Фото: Reuters

Бундан ташқари, ЕИ Россияга қурилмалар ва нефт-кимё маҳсулотлари етказиб бериш бўйича тақиқларни кучайтиради, Россия савдо флотига қарши санкцияларга оид истисноларга эса аниқлик киритилади, деб хабар берди Еврокомиссия.

Россия ва Африканинг айрим мамлакатлари Ғарбни санкциялар туфайли дунёдаги озиқ-овқат инқирозини кучайтиришда айбламоқда. ЕИ бу айбловни инкор этмоқда ва Россия кемаларининг Европа портларига киришига қўйилган тақиқ ғалла ва озиқ-овқатга нисбатан татбиқ этилмаганини таъкидламоқда. Аммо айрим трейдерлар Россиянинг санкциялар остига тушган давлат компанияларига аффилланган юк ташувчиларнинг юкларини қабул қилишдан бош тортмоқда ва энди ЕИ уларга рухсат беради.

Шу билан бирга, аввалги эмбаргони четлаб ўтишга йўл қўймаслик учун танкер флотига қўйилган санкциялар кучайтирилади. Илгари юклар портга кирмасдан, денгизнинг ўзида юкланаётганди. 

Россияга маълумотларни булутли сақлаш хизмати кўрсатишни тақиқлаш еттинчи пакетга киритилмайди, чунки ЕИ буни мазкур соҳанинг барча гигантлари жойлашган Буюк Британия ва АҚШ билан мувофиқлаштирмоқчи.

Ғарб Кремлга нисбатан санкциявий босимни 2014 йилдан – Россия Қримни босиб олганидан ва Донбассда қуролли можарони ташкиллаштирганидан буён мувофиқлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Февралдаги воқеалардан сўнг ривожланган демократик дунё Кремлнинг молиявий қудратини издан чиқариш учун иқтисодий ҳужумга ўтди. 

Европа бундан ортда қолди – унинг аксарият иттифоқчилари Россия билан алоқаларни қатъий узмоқда.

АҚШ, Буюк Британия, Япония ва Канада Россия олтинини харид қилишдан воз кечиши ҳақида июн охирида, «Катта еттилик» учрашувида эълон қилганди. Ўшанда G7’нинг Европадаги аъзолари – Германия, Франция ва Италия уларга қўшилмаганди.

Бунинг асосий сабаблари иккита. Биринчидан, Европа иттифоқчиларидан ортда қолмоқда, чунки ЕИ – Россиянинг энг йирик ва яқин савдо ҳамкори ва анчадан буён йўлга қўйилган муносабатларни узиш европаликларга қимматга тушади. Иккинчидан, ЕИда санкциялар киритилишини барча 27 мамлакат маъқуллаши керак (ҳамма рози бўлмаса, бекор қилишнинг ҳам иложи йўқ).

Санкциялар йилларга мўлжалланган. Охирги ўн йилликларда Россия иқтисодиёти Ғарб билан узвий боғлиқликда, Ғарб технологиялари, кредитлари ва инвестициялари ҳисобига ривожланган. Уларни бутунлай алмаштириш имконсиз, бунинг устига, Россия асосий маҳсулоти – энергия ресурсларини сотиб олувчи энг бой харидорини йўқотмоқда.

Кремл санкцияларни Россияни тиз чўктиришга уриниш деб ҳисобламоқда ва қарши чоралар билан жавоб бермоқда. Унинг асосий қуроли – табиий газ.

«Газпром» биргина охирги икки ойда Европага газ етказиб беришни қарийб 70 фоизга қисқартирди, ЕИда газ нархи сўнгги бир йил ичида етти бараварга ошди, бунинг натижасида Европа иқтисодиёти тўхтаб қолди, инфляция ўсмоқда ва аҳолининг даромади камаймоқда.

Мавзуга оид